Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:25

Қозоғистон мухолифати президентлик сайлови муддатидан илгари ўтказилиши мумкинлигидан хавотирланмоқда


Яқинда Қозоғистон Президенти ёрдамчиси президентлик сайловлари белгиланганидек 2006 йил охирида ўтказилишини таъкидлади. Лекин мухолифат вакиллари Президент Нурсултон Назарбоев сайловни муддатидан илгари ўтказиши мумкинлигидан ташвишланмоқда. Айни масала шу ҳафтада Қозоғистонда қизғин мубохасаларга сабаб бўлди.

Қозоғистон Президенти ёрдамчиси Ермухамет Ертисбаев шу ҳафтада маҳаллий газеталардан бирига берган интервьюсида президентлик сайлови белгиланганидек 2006 йил декабрида ўтказилишини маълум қилди. Ертисбаевга кўра, мухолифат айнан шу муддатни назарга олган ҳолда сайловга тайёргарлик кўрмоқда.

Аммо ҳукумат кўпчиликни хотиржам қилиш ўрнига, аксинча шубҳа уйғотди. Бунинг сабаби, шу ҳафта бошида Президент Назарбоевни қўллаб-қувватловчи “Ўтан” партияси раиси вазифасини вақтинча бажараётган Амангелди Эрмегияев президентлик сайлови шу йилда ўтказилиши мумкинлигига ишора қилди:

“Қонунда сайловлар қачон ўтказилиши аниқ кўрсатилмаган. Конституцияга кўра, сайлов декабрда бўлиши керак. Айни пайтда, мамлакат қомусида президентлик муддати етти йил экани ҳам қайд этилади. Бу масала Президент томонидан Конституциявий кенгаш орқали хал қилиниши керак. Шу боис “Ўтан” партияси аъзолари фикрича, сайловларни шу йил ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлалди”, – дейди партия раҳбари.

Ўз навбатида, Нурсултон Назарбоев бўлажак президентлик сайловига ўз номзодини қўйишини аллақачон эълон қилди.

Қозоғистонда сиёсий мухолифат гуруҳлари мақомини мустаҳкамлаш мақсадида Демократик кучларни мувофиқлаштириш кенгашни тузган. “Оқ Жўл” мухолифат партияси раҳбари Олтинбек Сарсенбаевга кўра, бу Кенгаш яқинда мухолифат номидан президентликка ягона мухолифат номзодини эълон қилади:

“Демократик кучларни мувофиқлаштириш кенгаши президентлик сайловларида мухолифатнинг ягона номзоди ким бўлиши ҳақида қарор қабул қилади ва уни бир ой ичида халққа эълон қилади”, – дейди Қозоғистон мухолифати вакили.

Мухолиф кучлар сайловларга ўзининг ягона номзодини танлашга киришгани мухолифат президентлик сайлови муддатидан илгари ўтказилиши мумкин, деб ҳисоблашидан далолат беради.

Қозоғистондаги айрим кузатувчилар фикрича, Олтинбек Сарсенбаев президентликка мухолифат номзоди бўлиши мумкин. Лекин шу кунларда Қозоғистон парламентининг собиқ раиси Жармахон Туяқбай ҳам мухолифат номзоди бўлиши мумкинлиги ҳақида кўп гапирилмоқда.

Назарбоевнинг азалий дўсти бўлган Туяқбай ўтган йил кузида бўлиб ўтган парламент сайловларини кескин танқид қилиб, истеъфога чиқди. Орадан кўп ўтмай, кейинги пайтларда анча кучсизланган мухолифат уни ўз сафига олди.
Ҳозирча Туяқбай бўлажак президентлик сайловида қатнашиш ёки қатнашмаслик ҳақида қарор қабул қилмаганини айтмоқда:

“Мен бу тўғрида бир қарорга келганим йўқ. Биз ҳозирча бу масалани Демократик кучларни мувофиклаштирувчи кенгашда муҳокама қилганимиз йўқ”, – дея баёнот берди Жармахан Туяқбай.

Воқеалар ривожи Қозоғистонда президентлик сайлови муддатидан илгари бўлиши мумкинлигига ишора қилмоқда. Қозоғистонда аввалги Президентлик сайлови 2000 йил декабрида ўтказилиши белгиланган эди. Лекин ҳукумат 1998 йил октябрида президентлик сайлови 1999 йил январ ойида ўтказилишини эълон қилди.

Қозоғистон коммунистик партияси аъзоси Серикбўлсин Абдилдин фикрича, Қозоғистон конституциясига кўра, президентлик сайлови ўтказилиши жорий йил августида эълон қилиниши ва декабр ойида ўтказилиши керак.

Президент тарафдори бўлган “Ўтан” партиясининг парламентидаги аъзоси Кенжагелди Сагадиев Қозоғистонда президентлик сайлови қачон бўлиб ўтишини аниқ билмаслигини, аммо ўз партияси Нурсултон Назарбоевнинг президент этиб қайта сайланишида ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG