Линклар

Марказий Осиёда уюшган жиноятчилик

  • Фаррух Юсуфий

Британияда чиқадиган “Жэйнс Интеллиженс Ревю” журналининг охирги сонида “Марказий Осиё республикалари уюшган жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорликни оширмоқда” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди. Мақола муаллифи Британиядаги Киил Университети Россия ва Евроосиёда уюшган жиноятчиликни ўрганиш бўлими директори Марк Галеотти Марказий Осиёдаги уюшган жиноятчилик минтақа хавфисзилигига раҳна солмоқда, шунинг учун ҳам унга қарши курашда ҳамкорлик ўрнатилмоқда, деган фикрларни айтган. Айниқса, уюшган жиноятчиликнинг минтақадаги экстремизм ва терроризмга ҳисса қўшиши бундай ҳамкорликнинг тақозо этмоқда, дейди мақола муаллифи. Бироқ Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондаги уюшган жиноятчилик Россия ёки Ғарбдаги уюшган жиноятчиликдан фарқли ўлароқ, сиёсий элита, яъни ҳукуматга яқин бўлган жиноий гуруҳлар билан боғлиқ эканини таъкидлайди Галеотти.

“Жэйнс Интеллиженс Ревю” журналида чоп этилган мақола муаллифи Марк Галеотти Марказий Осиёда уюшган жиноятчилик Россия ёки ғарб мамлакатлардагидан фарқ қилишини айтади. Мақола муаллифининг таъкидлашича, бу мамлакатларда, хусусан Ўзбекистонда уюшган жиноятчилик ҳодиса сифатида оҳирги йилларда анчагина назорат остига олинган бўлса-да, у тамоман йўқ қилинган, деб бўлмайди. Тўғрироғи, уюшган жиноятчилик сиёсий элита билан чамбарчас боғлиқ.

“Марказий Осиёда кўп ҳолларда уюшган жиноятчилик ҳомийлари сиёсатда ҳам ўз ўрнига эга. Баъзи ҳолларда эса уюшган жиноятчилик сиёсий манфаатлар йўлида назорат қилинади. Масалан, Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, бу мамлакатда уюшган жиноятчилик кўп ҳолларда ҳукуматдаги порахўр амалдорга боғлиқлигини кўришингиз мумкин”, - дейди Галеотти.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Баҳодир Мусаев ҳам ҳукуматда авж олган коррупция мамлакатдаги жиноятчиликка ҳисса қўшишини айтади.

“Мамлакатимзда коррупция мисли кўрилмаган даражада авж олган. Айни шу ҳолат мамлакатимиз, айниқса сиёсий тизимдаги жиноятчиликка сабаб бўлмоқда”.

Коррупция муаммолари билан шуғулланувчи Трансперенси Интернейшнл халқаро ташкилотининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон жаҳонда коррупция даражаси айниқса баланд бўлган давлатлардан биридир. Таҳлилчи Мусаевнинг айтишича, охирги пайтларда Ўзбеикстонда ҳукумат амалдорларига нисбатан олиб борилаётган жиноий ишлар ҳам порахўрлик кўламидан дарак беради.

“Сиёсий доираларда уюшган жиноятчилик ҳодисасига яқинда бош прокуратура бўлими бошлиғининг матбуотда эълон қилган мақоласи мисол бўла олади. Унда Жўрабеков иши ҳақида гап боради ва шу маълумотлар замирида мамлакатимизда тамагирлик, давлат мулкини талон-тарож қилиш қанчалик авжига чиққани кўришимиз мумкин. Масалан, мақолада турли даражадаги 475 ҳукумат вакили ўз қариндоши ва яқинларига 20 минг гектар ерни ҳадя қилиб юборгани ҳақида айтилади. Аммо улардан фақатгина 8таси жиноий жавобгарликка тортилган”, - дейди Мусаев.

Британиялик уюшган жиноятчилик бўйича мутахассис Марк Галеотти охирги йилларда Марказий Осиё мамлакатларида уюшган жиноятчи гуруҳлар асосан наркотиклар контрабандаси билан шуғулланишини айтади.

Мутахассис билан бўлган суҳбатда Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонда, унинг таъбири билан айтганда, ҳукуматга алоқаси бўлган уюшган жиноятчилик ҳақиқатан ҳам асосан наркотикларнинг ноқонуний савдоси билан шулланадими, деган савол бердик.

“Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонда ҳам уюшган жиноятчилик фаолияти жуда кенг. Улар рэкет, ўғирлик, кимгадир ҳомийлик қилиш ва бошқа фаолиятлар билан шуғулланади. Бироқ охирги пайтларда, айниқса Афғонистондаги вазият туфайли, Марказий Осиёга катта миқдорда наркотиклар оқиб келаётгани кузатилмоқда. Наркотик савдосида айланадиган пуллар миқдори ниҳоятда катта бўлгани учун, мен тилга олган ҳукуматга алоқадор уюшган жиноятчи гуруҳларнинг асосий фаолияти наркотиклар бизнесига қаратилмоқда. Марказий Осиё ҳукуматларида наркотик савдосига аралашган сиёсатчилар ҳам борлигига далиллар мавжуд”.

Бироқ, дея давом этади Галеотти, бу муаммо минтақадаги терроризмга хисса қўшиши ва мамлакатлар хавфсизлигига таҳдид солиши ҳамда ташқи дунёнинг бу муаммога эътибори ошиши туфайли, ҳукуматлар бу бизнесдан ўзларини узоқлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Биз Британиялик кузатувчи билдирган фикрларга Ўзбекистон ҳукуматининг расмий муносабатини олиш учун Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Илҳом Зокиров билан боғландик. Илҳом Зокировнинг айтишича, Галеоттининг хулосалари қуруқ тахминларга асосланган.

“У хоҳлаган тахминларни илгари суриши мумкин. Билишимча, профессор Ўзбекистонга келмаган бўлса ҳам керак. Шунинг учун бу фақат тахминлар холос. Аммо у Ўзбекистон ҳукумати билан учрашиб, бирор тадқиқот ёки мониторинг ўтказиш истагини билдирса, марҳамат, биз у билан мулоқот қилишга тайёрмиз. Ўшанда у қандайдир хулоса қилса ярашади. 7-8 минг км узоқликдан туриб бу ердаги вазият ҳақида фикр билдириш менимча, ўринсиз”, - деб муносабат билдирди Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби.

Албатта тингловчимизни ҳам британиялик тадқиқотчи Марказий Осиёда уюшган жиноятчилик ҳақидаги кузатишларини қайси манбаларга асослагани қизиқтирган бўлиши керак. Биз ҳам бу саволга ойдинлик киритиш учун профессор Галеоттининг ўзига мурожаат қилдик. У бу масалани ўрганишда Ўзбекистон, ёки Марказий Осиёда тадқиқот ўтказмагани ва хулосалари асосан Россиядан олинган маълумотларга асосланганини айтди.
XS
SM
MD
LG