Линклар

Туркманистон Президенти касалхоналарни ëпишни таклиф қилди


А.Арал Яқинда Туркманистон қишлоқларидаги касалхоналарни ëпиш ташаббуси билан чиққан Президент Сапармурат Ниëзов куни-кеча вилоятлардаги касалхоналарни ëпишни ҳам таклиф қилди.Ниëзовнинг айтишича¸ беморлар атроф вилоятлардан пойтахт Ашхободга келиб даволаниши мумкин. Кузатувчилар фикрича¸ президентнинг бу сиëсати мамлакатда тиббий ходимлар сонини қисқартириш ва фуқароларнинг тиббий хизматдан текинга фойдаланишлари олдини олишга қаратилган.

Мамлакатда туркманбоши номи билан танилган Ниëзов умрбод президент бўлганидан буëн соқол ўстириш¸ тилла тиш қўйдиришни тақиқловчи ва қишлоқ жойларидаги кутубхоналарни ëпиш тўғрисида фармон қабул қилди. Сўнгги қарорларидан бири эса вилоятлардаги касалхоналарни ëпиш тўғрисида бўлди.

Ниëзовнинг маҳаллий расмийлар йиғилишида сўзлаган нутқида айтишича¸ беморлар Ашхободга келиши мумкин бир пайтда¸ вилоятларда касалхоналарга ҳожат йўқ.

"Вилоятлардаги касалхоналарни ëпамиз. У ерларда бизга касалхонанинг кераги йўқ"¸ - дейди Туркманистон президенти.

Айрим кузатувчилар фикрича¸ мамлакатда шифокорларни ишдан бўшатиш билан бошланган бу ҳаракат туркманбошининг тиббиëт соҳасидаги ўзига хос ислоҳотлари бўлиши мумкин.

Туркман Ҳелсинки қўмитаси ҳисоботида айтилишича¸ яқинда мамлакат президенти ташаббуси билан республика касалхоналаридан расмий маълумотларга кўра 15 минг тиббий хизмат ходимлари ишдан бўшатилган.

Очиқ жамият институтининг Туркманистон лойиҳаси бўйича директори Эрика Дейлининг Озодлик радиосига айтишича¸ Ниëзовнинг касалхоналарни ëпиш тўғрисидаги баëноти ҳатто унинг ажабтовур баëнотларига кўникиб қолган туркманистонликларни ҳам ҳайратда қолдирди. Мутахассисга кўра¸ Марказий Осиë республикаларида сўнгги бир неча йил давомида соғлиқни сақлаш тизими деярли яхши ишламаяпти. Бунга камбағаллик¸ бошқарув тизимининг ëмонлиги ва мутахассисларнинг кўчиб кетиши каби қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Бу соҳада Туркманистондаги аҳвол қўшни республикаларга қараганда анча оғир.

"Туркманистондаги вазият жуда кескин. Чунки президент тизимни ишдан чиқариш сиëсатини олиб бормоқда. Қўшни мамлакатларда бунга қашшоқлик ва бошқа турли омиллар сабаб бўлаëтган бўлса¸ Туркманистонда бу соҳага ҳукумат етарли эътибор бермаяпти"¸ - дейди Эрика Дейли.

Унга кўра¸ сағлиқни сақлаш тизимини хусусийлаштитиш иқтисодий жиҳатдан туркманлар учун қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир.

Туркманистон Конституциясида республика фуқароларининг давлат соғлиқни сақлаш тизимидан бепул фойдаланишлари кафолатланган.

Бироқ бу имконият кейинги пайтларда кун сайин чекланиб бормоқда. Туркманистондаги поликлиникалар ҳар бир алоҳида тиббий хизмат учун пул талаб қила бошлади. Натижада 10-15 доллар атрофида ойлик оладиган Туркманистон фуқаролари учун тиббий хизматдан фойдаланиш амри маҳол бўлиб қолмоқда. Бунинг устига атроф вилоятларда касалхоналарнинг ëпилиши аҳоли мураккабликларини янада кескинлаштирмоқда.

Туркманистон ҳудудий жиҳатдан Марказий Осиëда йирик республика ҳисобланади. Шаҳар ва қишлоқлар бир-биридан анча олисда жойлашган. Иқтисодий жиҳатдан ночор аҳволдаги бемор учун юз километрлаб масофани босиб ўтиш анча мушкул. Пойтахтдан узоқ ҳудудларда мураккаб жарроҳлик талаб қиладиган беморнинг аҳволи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бу борада мулоҳаза билдирмаган туркманбоши малакали шифокорлар фақат пойтахтда бўлишлари кераклигини таъкидламоқда.

Очиқ жамият институти вакиласи Эрика Дейли фикрича¸ бундай қарор халққа қарши ва оқибатлари ўта хавфли.

"Бу ҳаракат жуда даҳшатли. Агар у амалга ошадиган бўлса¸ жуда даҳшатли бўлади. Баëнотдан кўриниб турибдики¸ президент ўз халқини унга қарши тура олмаслиги учун бўшлиқда ушлаб турмоқчи"¸ - деб фикр билдирди Эрика Дейли. Унга кўра¸ Ниëзовнинг соғлиқни сақлаш тизимини вайронага айлантириш ҳаракатларини кечириб бўлмайди.
XS
SM
MD
LG