Линклар

Мушарраф ШҲТга аъзо бўлишда Ўзбекистондан кўмак сўради

  • Садриддин Ашур

6 март куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўзининг “Дўрмон” қароргоҳида Покистон Ислом Республикаси Президенти Парвез Мушарраф билан музокаралар ўтказди.

Президентларнинг яккама-якка учрашуви билан бошланган музокаралар икки давлат делегациялари аъзолари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.

Музокаралардан сўнг икки давлат ҳукуматлари ўртасида ҳужжатлар имзоланди. Томонлар ҳукуматлар ўртасида 2005-2009 йиллар учун маданий алмашув дастури, халқаро терроризмга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳамда икки давлат ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади.

И.Каримов Ўзбекистон ва Покистон учун муҳим аҳамиятга эга масалалар музокараларнинг асосий мавзуси бўлганини билдирди.

“Учрашувларда минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм ва экстремизм, қурол-яроғ ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши биргаликда курашиш, Афғонистондаги бугунги вазият ва унинг иқтисодиётини тиклаш ҳамда халқаро ва минтақавий миқёсдаги бошқа масалалар муҳокама этилди”, - деди Ўзбекистон раҳбари.

П.Мушарраф ушбу ташриф икки давлат ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини ўрнатиш учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

“Ўзбекистон ҳам, Покистон ҳам терроризм қурбонига айланди. Биз бу иллатнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаймиз”, - деди П.Мушарраф.

У икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ ҳажми жуда кичиклигини тилга олди.

И.Каримов Ўзбекистон Покистон портларига чиқишни анча вақтдан бери исташини, лекин бунга Афғонистондаги беқарор вазият тўсқинлик қилаётганини айтди.

Парвез Мушарраф терроризмга қарши курашни кучайтириш учун Покистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиш хоҳиши борлигини билдириб, Ислом Каримовдан бу борада кўмак беришни сўради.

И.Каримов Покистоннинг террорчиларга, жумладан, Ўзбекистон ҳудудидан чиққан террорчи гуруҳларга қарши олиб бораётган курашини мардлик, деб атади.
XS
SM
MD
LG