Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:21

Илмли, қобилиятли… зўравон


Жиззахда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШнинг дунёда, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан юргизаётган сиёсатини қаттиқ қоралагани туфайли вилоят ҳокими Убайдулла Яманқулов шахсига қизиқиш кучайди.

Шу сабабли “Озодлик” мухбири У.Яманқулов аслида ким, қандай амалдор каби саволларга жавоб излашга ҳаракат қилди.

У.Яманқулов 90-йиллардан бошлаб Жиззах вилоятининг бир неча туманларида ҳоким ўринбосари, кейин эса ҳоким лавозимларида ишлаган. 2001 йил 14 сентябрда эса вилоятга ҳоким этиб тайинланган. 2005 йил январда у Ўзбекистон Сенати аъзолигига сайланган.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев тақдим этган маълумотларга кўра, У.Яманқулов Москвадаги Бауман номидаги олий техника билим юртини аъло баҳоларда тамомлаган. Шундан сўнг бирмунча вақт Россиядаги фазовий тадқиқотлар марказларида ишлаган. Унинг юксак лавозимларни эгаллашига Жиззах вилоятининг собиқ ҳокими, айни пайтда Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлаши сабабдир.

У.Яманқуловнинг кўпчилик тилига тушишига, юқорида таъкидланганидек, унинг АҚШ сиёсатини анча дадил ва кескин танқид қилиши сабаб бўлди. Зеро, илгари вилоят ҳокимларидан бирортасининг ташқи сиёсатга, айниқса, АҚШ сиёсатига муносабат билдириши кузатилмаган эди.

Шунинг учун айримлар У.Яманқуловнинг бу баёноти буюртма экани тўғрисида фикр билдирса, бошқалар у эҳтиётсизликка йўл қўйган, дея тахмин қилмоқда.

Журналист Шароф Убайдуллаевнинг таъкидлашича, бу ўринда У.Яманқулов билдирган фикрнинг яхши-ёмонлиги эмас, балки мустақил равишда катта сиёсат ҳақида ўз мулоҳазаларини баён қилгани муҳим.

“Вилоят ҳокими фикр билдирганининг нимаси ёмон! Фикри йўқ арбоблардан қачон қутуламиз? Узоққа бормайлик, халқ бир вақтлар Бош вазир бўлган Абдуҳошим Муталов ва Ўткир Султоновнинг афтини ҳам кўргани йўқ”, - деди Ш.Убайдуллаев.

Жиззахлик фуқаролар У.Яманқуловнинг йиғилишларда раҳбарларни, фермерларни барчанинг кўз ўнгида калтаклаши, ҳақоратлаши, кишиларга беписанд муносабатда бўлиши кўпчиликка маълум эканини билдирди.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Б.Ҳамроевнинг сўзларига қараганда, кўпчилик У.Яманқуловни аслида илмли, қобилиятли инсон эканини айтади. Вилоят ҳокими бўлган илк даврларда унинг очиқ-ошкора зўравонлиги унча кўзга ташланмаган. Бироқ орадан ярим йил ўтар-ўтмас у кишиларни ошкора калтаклаш, қўпол муносабатда бўлишни ўзига касб қилиб олган.
XS
SM
MD
LG