Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:15

Марказий нашрлар шарҳи


Дилнаво

Ўтган ҳафтада марказий нашрларда асосий эътибор баҳор, аёл ва Наврўз мавзуларига қаратилди.

“Ўзбекистон овози” газетасининг 1 март сонида тарих фанлари доктори Назира Абдуазизованинг “ОАВ: Эркинлик кафолатлари” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда қуйидаги сўзлар бор: “Ижтимоий сиёсий газета ва журналларнинг турғун ҳолати республика оммавий ахборот воситаларининг янада юксалишига, том маънодаги эркин ва мустақил матбуот учун ҳаводек зарур демократик муҳитни шакллантиришга салбий таъсир кўрсатмоқда. Оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш жараёнидаги муҳим вазифалардан бири таҳририятларнинг иқтисодий ночорлигига барҳам беришдир”.

“Фидокор” газетасининг 3 март сонида Жамшид Холовнинг “Тил билган эл билади. Ёхуд тилимизнинг бошқа тиллардан кам жойи борми?!” сарлавҳали мақоласи босилди. Муаллиф замонавий ёшларнинг ўзбек тилини мукаммал билмай туриб, чет тилларини ўрганишга ружў қўйганини таъкидлар экан, ёш эстрада санъаткорлари ҳақида баъзи фикрларини баён қилади: “Ойнаи жаҳон орқали ўзини кўз-кўз қилаётган айрим санъаткорларимизнинг баъзилари ўз тилимизда бир калима, жумла айта олмайди. Тилни билмаслик эса ижродаги хатоликларни кўпайтиради. Масалан, сўзда урғуни жойида қўлламаслик, сўзларни бузиб талаффуз қилиш ва ҳоказо. Тасаввур қилинг, чиройли мусиқа билан бошланган қўшиқда “Ўзбекистон” сўзи “Ўзбикистон”, “севаман” сўзи “сиваман”, “туғилган кунинг” сўзи “тоғилган конинг”, “муҳаббат” сўзи “мухаббат”, ҳаттоки “муаббат” тарзида талаффуз қилинса, энсангиз қотмайдими?! Ёки улардан концерт дастуридан олдинми-кейинми ёхуд кўча-куйда бирор фикр сўрасангиз, ўзбек тилида жўяли жавоб ололмайсиз. Рус тилида узр сўрашади-ю, кейин жўнаб қолишади”.

“Миллий тикланиш” газетасининг 4 март кунги сонида Республика маънавият ва маърифат маркази ходими Насриддин Ботировнинг “Мафкура шиорбозликми?” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Муаллиф маънавий-мафкуравий ишлар шиорбозликка айланиб бораётгани ҳақида тўхталиб, бундай ёзади: “Маънавий ва мафкуравий ишларимизнинг самарадорлигини таъминловчи омил сўз ва иш бирлигидир. Мана, масалан, амалдор ёки ҳуқуқ-тартибот ходими ўз айтганига ўзи амал қилмаса, унинг сўзига бошқа биров ҳам қулоқ солмайди. Демак сўзининг қадри йўқ”.
XS
SM
MD
LG