Линклар

logo-print

Аслан Масхадов Озодлик радиоси чечен хизматига интервю берди

  • Фаррух Юсуфий

Ўтган ойда Чеченистоннинг ҳокимиятдан четлатилган президенти Аслан Масхадов бир томонлама равишда сулх эълон қилиб, Россия раҳбариятини тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар ўтказишга чақирди. Бироқ расмий Москва Масхадовнинг даъватларига ҳеч қандай муносабат бидирмади. Аксинча, сўнгги хабарларга кўра, сулх муддати тугаб, Чеченистонда ҳарбий ҳаракатлар яна кучайган. Ўтган ҳафта Чечен сепаратчилари етакчиси Аслан Масхадов Озодлик радиоси чечен хизматига интервю берди. Суҳбат давомида Масхадов сулх эълон қилишдан мақсадларни кўзлагани, Чечен урушини тўхтатиш йўллари ва бошқа масалалар бўйича ўз қарашларини билдирди.

Масхадов жаноблари Россия раҳбариятига музокаралар ўтказиш ташаббуси билан мурожаат қилишингизга нима туртки бўлди?

“Менда ҳар доим Россия Федерацияси Президентини чалғитишмоқда, деган шубҳаларим бор. Бунда биринчи навбатда унинг махсус хизмати, федерал кучлари генераллари, унинг маслаҳатчилари ва маҳаллий қўғирчоқлари айбдор. Шунинг учун 30 дақиқа давомида юзма-юз очиқ мулоқот ўтказиш бу урушни тўхтатишга етарли бўлади, деб ҳисоблаймиз. Россия Федерацияси президентига чеченлар нимани исташини тушунтирмоқ лозим. Президент бу ҳақда ҳам ҳеч нарса билмаслигига ишончим комил. Ўз навбатида биз ҳам Путиннинг оғзидан Россия Чеченистонда нима исташини эшитишни хоҳлаймиз. Рақибларимизнинг, Россия раҳбариятининг бу масалага кўзини оча олсак, урушни тўхтатса бўлади.”

Ўтган ойдаги жангларни тўхтатиш ҳақидаги буйруғингиз бажарилди, деб ўйлайсизми?

“Мен Чеченистон ҳудудида менинг буйруғларимни бажармайдиган бўлинма бор, деб ўйламайман. Билишимча, Ингушетия, Доғистон, Қобардин-Балкария ва Қорачой-Черкессия ҳудудларида ҳам бундай бўлинмалар йўқ. Бу шунчаки сўзлар эмас, бу реаллик. Чеченистон ва қўшни республиклардаги барча ҳарбий бўлинмалар чечен қаршилиги раҳбариятига бўйсунади.”

Россияга қарши олиб бораётган курашингизнинг мақсади нимадан иборат?

“Бизнинг мақсадимиз – ўз халқимизни Россия зўравонлигидан қутқариш. Россиядан чечен халқини жазосиз ўлдириш ҳуқуқини тортиб олганимиздагина, ўз мақсадимизга эришган бўламиз. Чечен халқи хавфсизлиги ва Россия билан Чеченистон ўртасидаги муносабатлар муаммосининг қай тарзда ечилиши масаласи эса музокараларда аниқланади. Биз ҳар қандай халқаро мутахассислар иштирокидаги музокараларга тайёрмиз.”

Масхадов жаноблари, қариндошларингизнинг гаровга олиниши жангларни тўхтатиш ҳақидаги буйруғингизга сабаб бўлгани ҳақидаги фикрларга муносабатингиз.

“Бу нотўғри фикр. Менинг қариндошларим бўладими ёки бошларига шундай кулфат тушган мужоҳидларимнинг қариндоши бўладими, фарқи нима? Уларнинг барчасини биз бир хил кўрамиз. Бугун орамизда душманларимиз ва миллат хоинларининг қабих қилмишлари таъсири остида ҳаракат қиладиган мужоҳидлар йўқ. Бирор мужоҳиднинг синглиси ёки хотинини гаровга олганларида, у ҳам шундай қилиши мумкинми, деган саволни беради. Биз Оллоҳ буни ман қилган, деб жавоб берамиз. Хўш ким бандит-у, ким террорчи? Бундай ёрлиқларини олиб, ўз генералларига ёпиштирсин.”

Агар тинчлик музокраларини бошлашнинг иложи бўлмаса, Россия ва Чеченистон учун яқин келажак қандай бўлади?

“Уруш давом этади. Мен тўлиқ масъулият билан шуни айтаманки, чечен мужоҳидлари бу курашда охиригача туради. Бу уруш алангаси эса бутун Шимолий Кавказни қамраб олади. Россия халқи эса, ФСБ ва федерал қўшинларининг Чеченистондаги қилмишлари учун шаҳидларнинг қасоси эҳтимолидан доим қўрқувда яшаб юради.”

Европа Кенгаши Парламентлар Ассамблеяси шу йилнинг 21 март куни Чеченистонда тинчлик ўрнатиш масаласи бўйича давра суҳбати ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Сизнинг фикрингизча бу давра суҳбати нима беради ва унда сизнинг вакилларингиз қатнашадими?

“Бу Европа Кенгаши Парламентлар Ассамблеяси депутати Андреа Гроссонинг кулгидан бошқага арзимайдиган ғояси. Бу давра суҳбатида урушнинг давом этишидан манфаатдор миллат хоинлари ва миллатчиларнинг қатнашиши ҳеч қандай натижа бермайди. Менинг вакилларим бу йиғилишда қатнашмайди, чунки бу тадбир чечен ерида тинчлик ўрнатилишига ҳисса қўшмайди. Бунга ишончим комил.”
XS
SM
MD
LG