Линклар

logo-print

Террорчиликка қарши кураш Мадрид анжумани диққат марказида

  • Ҳурмат Бобожон

Ўтган йил 11 март куни Испания пойтахти Мадридда содир этилган террор ҳужуми 191 киши ҳаётига зомин бўлган эди. Ўша мудхиш портлашлардан бир йил ўтиб, Мадрид террорчиликка қарши кураш бўйича халқаро анжуманга мезбонлик қилмоқда. "Демократия, терроризм ва хавфсизлик" номи остида ўтаётган айни анжуман 11 март Мадрид портлашларининг бир йиллигига бағишланган бўлиб, унинг ишида 50 давлатдан 200га яқин хавфсизлик соҳаси мутахассислари қатнашаётир.

Испания Шаҳзодаси Филип анжуман қатнашчиларини олқишлар экан, Мадриддаги каби мудхиш портлашлар бошқа такрорланмаслигига умид билдирди.

"2004 йил 11 март террор ҳужумларининг бир йиллиги арафасида ўтаётган ушбу тадбир терроризмни рағбатлантираётган вахшийликларни яна бир бора қоралаш имконини беради".

Мадрид анжумани давомида террорчиликка қарши курашда демократик ёндошув масаласи муҳокамалар марказида бўлиши ва бу юзадан муштарак тамоил ишлаб чиқилиши кутилмоқда. Тадбир қатнашчилари фикрича, озодликни фақат озодлик сақлаб қола олади. Шу боис террорчиликка қарши курашни фақат қонун устуворлиги асносида олиб бориш керак.

Испаниянинг ташқи ишлар бўйича давлат котиби Бернардино Леон фикрича ҳам, терроризмни енгишнинг энг яҳши воситаси демократиядир. Аммо террорчиликка қарши курашда шунинг ўзи кифоя эмас кўринади. Анжуман ишида қатнашаётган Шотландиядаги Сэйнт-Эндрю университетининг Террорчилик ва сиёсий зўравонлик масаласи билан шуғулланувчи маркази раҳбари Магнус Рэнсторп фикрича, демократия ривожланган Европа давлатлари ҳам айни муаммога юз тутмоқда.

"Холландиялик кинорежиссер Тео Ван Гогнинг Ислом экстремистлари тарафидан ўлдирилиши Европадаги катта бўлинишни фош этди ва ижтимоий интеграция борасида олдиндамиз, деган гапларга соя солди. Шунинг учун террорчиликка қарши ҳаракатлар янгича ижтимоий интеграция, яъни турли миллат вакилларининг Европа жамиятларига қўшилишини таъминловчи сиёсат билан баравар амалга оширилиши лозим. Кенг қамровли, изчил сиёсат олиб борилиши одамларнинг террор йўлга ўтиб кетиши олдини олади", - деди шотландиялик таҳлилчи.

Шунингдек анжуман давомида, терроризмни нима туғдирмоқда, унга қарши демократик жавоб қандай бўлиши лозим, бу борада фуқаролик жамиятининг роли нимадан иборат бўлади, каби саволларга жавоб изланади.

"Қилиниши керак бўлган ишлар анча. Хусусан Исроил-Фаластин можароси, шунингдек, Чеченистон, Қашмир ва бошқа бир қатор муаммолар шулар жумласидан. Ироқда барқарорликни таъминлаш ҳам муҳим масалалардан бири", - дейди Шотландиядаги Сэйнт-Эндрю университетининг Террорчилик ва сиёсий зўравонлик муаммолари билан шуғулланувчи маркази раҳбари Магнус Рансторп.

Мадридда ўтаётган анжуманда БМТ Бош котиби Кофи Аннан, Афғонистон президенти Ҳамид Карзайдан ташқари Марокаш Қироли Муҳаммад VI, Интерпол бош котиби Рональд Нобел ҳамда Фаластин мухторияти бош музокарачиси Саэб Эрекатлар қатнашмоқда. Пайшанба куни Мадрид анжуманида БМТ Бош котиби Кофи Аннан маъруза қилиши кутилмоқда. Жума 11 март куни эса бир йил аввал Мадридда содир бўлган портлашлар қурбонлари хотирасига бағишлаб мотам тадбирлари бўлиб ўтади.
XS
SM
MD
LG