Линклар

Жиззахлик фермерлар Тошкент ҳокимлигини пикет қилди

  • Садриддин Ашур

9 март куни инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бир гуруҳи Жиззах вилоятидан келган саккиз фермер иштирокида Тошкент шаҳри ҳокимлиги биноси пикет қилди.

“Озод деҳқонлар” партияси ташаббуси ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилган ушбу пикет иштирокчилари суд-прокуратура тизимидаги адолатсизликлар, ҳокимларнинг фермерларга нисбатан зўравонлигидан норозилик билдирди.

Жиззахнинг Зарбдор туманидан келган фермер Тоштемир Қўшмаматовнинг сўзларига қараганда, у давлатга пахта сотиш режасини 120 фоиз бажарганига қарамай, ҳокимлик унинг ерини тортиб олган. Маҳаллий ҳокимият фермернинг ер майдони белгиланган меъёрдагидан кичик эканини баҳона қилган. Фермернинг қўшимча ер ажратилиб, ер майдонини меъёрдаги даражага етказиш ҳақидаги аризаси эътиборсиз қолдирилган.

Зарбдор туманидаги “Қизириқ” фермер хўжалиги раиси Бозорбой Йўлдошев фермер хўжалиги ноқонуний равишда банкрот деб эълон қилиниб, тугатилганидан шикоят қилди.

Унинг айтишича, ҳисоб рақамида 14 миллион сўм маблағи борлиги, шунинг учун хўжалигининг тугатилиши ноқонуний бўлгани ҳақида барча инстанцияларга шикоят ёзган. Ҳатто Олий хўжалик суди ҳам унинг аризасини эътиборсиз қолдирган.

“Оддий одамларнинг бир-икки гектар ери ҳокимлик вакиллари томонидан тортиб олиняпти. Лекин ҳокимнинг ўзи бир хўжаликдан бир йилда 730 гектар ерни ўзиники қилиб олди. Лекин буни ҳеч ким текшираётгани йўқ”, - деди Б.Йўлдошев.

Зарбдорликлар туман ҳокимлиги вакиллари турли йўллар билан фермерларни ердан маҳрум этаётгани, энг яхши ерларни ўзиники қилиб олаётганини билдирди.

Бу фермерлар илгари ҳам Тошкентда норозилик чиқиши уюштиришга уринган, бироқ ички ишлар ходимлари томонидан мажбуран Жиззахга қайтариб кетилган эди.

Бироқ бу сафар фермерларга тазйиқ ўтказилиши кузатилмади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг таъкидлашича, Жиззахда фермерлар ҳуқуқлари бузилишига вилоят ҳокими Убайдулла Яманқуловнинг шахсан ўзи бош-қош бўляпти. Шунинг учун жамият вилоят раҳбарларидан саккиз нафари устидан жиноят иши қўзғатилиши талаби билан вилоят прокурорига мурожаат қилган. Бироқ прокуратурадан жавоб олинмаган.
XS
SM
MD
LG