Линклар

logo-print

Онанинг фаолияти учун бола жавоб берадими?


Феруза Самарқандлик адвокат Салима Қодированинг ўғли Илҳом Қодиров 2002 йилда Қозоғистон ҳудудига ноқонуний равишда ўтганликда айбланиб, айни пайтда Миллий хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бошқармаси тергов изоляторида сақланмоқда.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида виза тизими жорий этилмагани, ҳар йили ўн минглаб кишилар икки давлат чегарасини кесиб ўтиши эътиборга олинса, И.Қодировга қўйилаётган айб анча шубҳали кўринади.

Самарқандлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Комил Ашуровнинг сўзларига қараганда, С.Қодирова Самарқанд вилояти инсон ҳуқуқлари маркази раҳбарининг ўринбосаридир. И.Қодировнинг ҳибсга олиниши онасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб бораётган фаолияти билан боғлиқ.

С.Қодированинг электрон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мурожаатида айтилишича, ўғлининг Қозоғистон ҳудудига ноқонуний ўтишига эҳтиёж бўлмаган. Чунки ўғли ўз мамлакатида унга юклатилган бирор мажбуриятдан қочмаган, ҳеч кимдан яширинмаган.

К.Ашуровнинг маълум қилишича, И.Қодировга далил-исботларсиз яна бир неча айблар қўйилган.

“Бироқ бу айблар билан ҳибсда сақлашга асос йўқ. Лекин юқоридан кўрсатма бўлгани учун Қодированинг ўғли қамаб қўйилган”, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган МХХБ ходимининг таъкидлашича, И.Қодиров чет элга чиқишдан бошқа мақсадларни кўзлаган бўлиши мумкин. Бу ҳолат чуқур текширилмагунча, у ҳибсда сақлаб турилган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

К.Ашуров кейинги вақтларда вилоятдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига тазйиқ кучайгани, С.Қодированинг ўғли билан содир бўлган бу воқеа уларни руҳан синдиришга қаратилганини билдирди.

С.Қодирова ўғлининг ноқонуний равишда ҳибсга олиниши юзасидан ёрдам сўраб, Ўзбекистон Президентига бир неча марта мурожаат этган эди. Бироқ бу мурожаатлар жавобсиз қолмоқда.
XS
SM
MD
LG