Линклар

100 ёшли момо раҳбарларга инсоф тилайди


Феруза Самарқанд вилоятининг Бахмал қишлоғидан келиб, бугунги кунда Тошкентда яшаётган Ойсарвар момо 100 ёш билан юзлашган онахон.

“Озодлик” мухбири қурилиши ҳали битмаган кўримсизгина ҳовлига кириб келганида юришлари тетик, бироқ рангпаргина бу онахон невара келинининг уйини йиғиштириб, кўрпа-кўрпачаларни дорга илаётган эди.

Бундай ишларни қилиб юрган Ойсарвар момонинг юзга кирганига ишониш жуда қийин. Аммо у 1905 йилда туғилгани, “босмачилик” даврию уруш йилларини анча яхши эслашини таъкидлади.

“Ёшлигимда энам ва отам ўлиб кетган. Мен холамнинг қўлида катта бўлганман. Холам касал бўлиб ётиб қолганида туғилган йилим 1905 йил эканини, эсимдан чиқармаслигим кераклигини айтганди”, - дейди Ойсарвар момо.

Момо ўзаро суҳбат чоғида эрини ва укаси урушга олиб кетилгани, улар билан йиғлаб-йиғлаб хайрлашгани, ўша йилларнинг ўта оғир келганини сўзлаб берди.

“Уруш йилларида бир аёл 8 килограмм маккажўхори эвазига эрга тегиб кетди. Она шўрлик болаларим шу маккажўхорини еб, омон қолади, деб ўйлади. Мен ҳам бу болаларга нон-пон, атала бериб турардим. Қайнонам эса уларни боқаман деб ўзим ҳам ўлиб қолишимдан қўрқиб, бирор нарса беришни маън қилди. Бир кунгина уларга ҳеч нарса бермадим. Эртаси куни саҳарда уччаласи ҳам ўлиб ётганини кўрдим. Улар қорни очқаб, тол дарахтининг танасидан чиқадиган ширани еб, ичи шилиниб ўлган”, - деб хотирлайди момо.

“Ҳамма кампирлар 30-40 минг нафақа олади. Мен юзга кирсам ҳам 16 минг сўм оламан. Нима бўлса ҳам давлатнинг раҳбарларига инсоф берсин”, - дейди Ойсарвар момо

Момо урушдан кейинги йилларда пахта теришда “ударник” бўлгани, бахмал кўйлак, 200 сўм пул, думбасиз қўй билан тақдирланганини кулиб-кулиб гапириб берди.

Ойсарвар момо бўйнига бир неча калитлар осиб олган.

“Бу калитлар сандиқларники. Шу калит бўлмаса, мен ҳам қайнона бўлмайманда”, - завқланиб кулади момо.

Момо 100 ёшга кириш сири меҳнатда эканини айтди. У ҳозир ҳам керак бўлиб қолса, хамир қоради, уйдаги майда-чуйда ишларни эплаб юради.

6 нафар фарзандидан 24 невара, 49 чевара кўрган Ойсарвар момо ҳали дувара кўриш нияти ҳам борлигини таъкидлади. Шундай улуғ ёшга етказгани учун яратганга ҳамду сано айтишни ҳам унутмади.

Бу мўътабар онахондан байрамларда қандай совға қилишларини хоҳлашини ҳам сўрадик.

“Ўғлимнинг уйи битгандан кейин қулоғим сирға кераклигини ўзи айтади”, - дейди момо кулиб.
XS
SM
MD
LG