Линклар

Ироқдан олинган хабарларга кўра, бугун мамлакат режалаштириш бўйича вазирига суиқасд уюштирилган.


Хабар қилинишича, қуролланган шахслар вазир Махди ал-Ҳафид машинасини ўққа тутган. Воқеада ал-Ҳафид омон қолган, аммо унинг соқчиларидан бири ҳалок бўлган.
Бошқа хабарга кўра, бугун Бағдодда жанггарилар мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирилигига ҳужум уюштирган. Ҳужум оқибатида камида икки киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Полициянинг хабар қилишича, қуролланган шахслар вазирликка олиб борадиган йўлда иккита текширув пунктига ҳужум қилган. Бунинг натижасида портловчи моддалар ортилган ахлат ташиш машинаси ичкарига киришга муваффақ бўлган ва у ерда портлаган.
Иорданиялик жанггари Абу Мусаб ал-Зарқавий етакчилигидаги Ал-Қайдага алоқадор гуруҳ интернетда тарқатилган баёнот орқали ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди.
Бошқа хабарларга кўра, Басра шаҳрида содир этилган портлашда бир полициячи ҳалок бўлган ва уч киши яраланган.
Шунингдек расмийларнинг сўзларига кўра, Ироқнинг Сурияга чегарадош Қаим шаҳрида 19 кишининг жасади топилган. Хабар қилинишича, уларнинг ҳаммаси тинч аҳоли вакиллари бўлган ва бир неча кун олдин отиб ўлдирилган.
Ироқ харбийлари берган хабарда Бағдод яқинидаги Латифия шаҳрида боши танасидан жудо қилинган 15 эркак ва аёлнинг жасади топилган.
XS
SM
MD
LG