Линклар

logo-print

Горбачевнинг қайта қуриши

  • Ҳурмат Бобожон

Бундан 20 йил аввал, 1985 йилнинг 11 март куни Совет Иттифоқи аҳолиси КПСС Марказий Қўмитаси Бош котиби лавозимини Политбюронинг энг ёш намояндаларидан бўлган Михаил Горбачев эгаллагани ҳақда хабар топган эди. Бу воқеа КПССнинг Горбачевдан олдинги раҳбари Константин Черненко вафотидан бир кун ўтиб рўй берди. Горбачевнинг хокимиятга келиши, СССР тарихида қайта қуриш ва ошкоралик даврини бошлади.

Ғарбда "Горби" номи билан танилган Михаил Горбачев ҳокимиятга келган илк кунларданоқ ислоҳотлар ҳақида гапира бошлаганди. Айнан унинг даврида "хозрасчет", "кооператив", "бизнес" каби иборалар тез-тез ишлатила бошланди. Горбачев киритган "ошкоралик", "қайта қуриш", "янгича фикрлаш, янгича метод" сўзлари эса қисқа вақт ичида Ғарб давлатлари тилларидан жой олиб улгурди.

Горбачев Ғарбда совуқ урушига барҳам берган сиёсатчи сифатида танилди ва обрў қозонди. Ғарблик ёшлар орасида эса "гластность", "новое мишление" сўзлари ёзилган, Горбачев фото сурати туширилган кийимлар модага айланди

Аммо, собиқ Совет давлатлари, жумладан Россияда кекса авлод вакиллари Горбачевни унчалик ёқтиришмайди.

"Кекса ёшдаги одамлар назарида, Горбачевнинг айби билан Совет Иттифоқи тарқалиб кетди. Улар Горбачев қилган мана шу ҳатони, бу уларнинг фикрича, кечиришмайди", - дейди Москвадаги шархловчимиз Толиб Саидбоев.

Россияда яқинда ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, россияликларнинг 55 фоизи Горбачев бошлаган ислоҳотлар улар ҳаётини ёмонлаштирди, деб ҳисоблайди. 26 фоиз аҳоли эса СССРнинг тарқалишида айнан Горбачевни айблаш керак, деган фикрда.

Бироқ пост-Совет давлатларидаги демократик қарашдаги одамлар Горбачевга эски тузум, қуллик зеҳниятига болта урган ва демократик ислоҳотларни бошлаб берган 20 асрнинг буюк сиёсатчиси сифатида қарашади. Улар фикрича, айнан Горбачев бошлаган ошкоралик ва қайта қуриш сиёсати боис Совет Иттифоқи таркибида бўлган кўпгина халқлар қуллик занжиридан озод бўлган. Ошкоралик йилларида Ўзбекистонда тузилган ва мустақиллик йилларида фаолияти тақиқланган "Эрк" демократик партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ Михаил Горбачевнинг ҳокимиятга келиши ва у бошлаган "Қайта қуриш" сиёсатини оламшумул воқеа сифатида таърифлайди.

"Қайта қуриш"нинг оламшумуллиги бу ижтимоий зилзила оқибатида дунёнинг энг буюк колониал давлати Шўролар Иттифоқи сассиз-садосиз бир кунда йиқилганидадир. Биз, ёш миллатчилар сифатида, йиқилишини орзу қилган, аммо йиқилиши тушимизга ҳам кирмаган бир йиқилиш эди бу".

Афтидан бу йиқилиш Горбачевнинг ўзи учун ҳам кутилмаган хол бўлган. Ошкоралик даврида бироз эркинлик шабадаси эса бошлаган саксонинчи йилларнинг оҳирларига келиб, Болтиқбўйи давлатлари мустақиллик талаби билан чиқа бошлади. Кремл раҳбарияти эса Тбилиси, Рига ва Вильнюсдаги мустақиллик талаби билан чиққан намойишчиларни танклар билан бостиришга уринди. Аммо, Горбачев туфайли пайдо бўлган ошкоралик ва янгича фикрлаш ғояларидан руҳланган одамларни энди ҳеч қандай танк ёки қурол қўрқита олмасди. Бу эса Москванинг мамлакат устидан назорати сунаётгани, Кремл салтанати тобора кучсизланиб бораётганидан далолат эди. Муҳаммад Солиҳ ўша йилларни хотирлайди.

"Совет Иттифоқи бир давлат сифатида ўз умрини тугатган эди ва бу тугатишга васила бўлган сабаблар эса Горбачев, Ельцин каби сиёсатчилар, СССРнинг иқтисодий қолоқлиги, ва хоказо ва хоказо кичик ва катта сабаблар. Совет Иттифоқи йиқилишга маҳкум эди ва у йиқилди".

Горбачевнинг қайта қуриш сиёсати туфайли сургундан озод этилиб, Тошкентда яшашга рухсат олган, аммо кейинчалик мустақил Ўзбекистонда президент Каримов сиёсати боис ватанини тарк этишга мажбур бўлган ўзбекистонлик диссидент-ёзувчи Сафар Бекчон фикрича, Горбачев янглишган жиҳатлар ҳам бўлган. "Михаил Сергеевич Горбачев демократия империя ичида мавжуд бўлиши мумкин, империя давлат бўлса ҳам, демократик бўлиши мумкин деб ўйлади. Афсуски бу одам янглишган битта тараф борки, бу империя миллионлаб инсонларнинг қони эвазига тикланган империя бўлгани учун ва у ерда юзлаб миллатлар оёқ ости қилингани учун демократия бундай империяда бўлиши мумкин эмас эди. Ва шу маънода у ўзи ўйлаган демократияни амалга ошира олмаслигини кейинчалик тушунди".

Горбачев ҳокимият тепасидаги сўнгги кунларигача СССРни сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Аммо бунинг уддасидан чиқа олмади. 1991 йил август ойи бошларида президент маслахатчиси Александр Яковлев Горбачевни унга карши давлат тунтариши тайёрланаётгани ҳақида маълум килади. Ундан олдинроқ эса АҚШ президенти Жорж Буш бу ҳақда Горбачевни огоҳлантириб, Вашингтон бундан хавотирланаётганини билдирган эди. Бу воқеани Горбачевнинг ўзи шундай эслайди. "Буш менга телефон қилганида мен унга Жорж, хотиржам ухлайверишинг мумкин. Ҳеч нарса бўлаётгани йўқ, дедим".

Орадан саноқли кунлар ўтиб, 1991 йилнинг августида муваффақиятсиз давлат тўнтариши содир бўлади. Ушбу воқеадан сўнг Совет республикалари бирин-кетин мустақилликларини эълон қила бошлайди. Қисқа давр ичида деярли барча республикалар ўз мустақиллигини эълон қилиб бўлишига қарамай, СССР давлати 1991 йилнинг декабрига қадар формал равишда бордай туюларди. Горбачевнинг эса аслида йўқ давлатнинг президенти сифатида истеъфо беришдан бошқа чораси қолмади.
XS
SM
MD
LG