Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:49

Темир моддали уннинг нонини енг!


Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган Озиқ-овқатни яхшилаш глобал уюшмаси Ўзбекистонга 2 миллион 800 минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратди.

Бу маблағ мамлакатда аёллар ва болалар ўртасида темир танқислиги камқонлигига барҳам бериш учун сарфланади.

Бунинг учун, дастур лойиҳасига кўра, мамлакат миқёсида унни темир моддаси билан бойитиш кўзланмоқда.

Республика гемотология ва қон қуйиш илмий тадқиқот институти клиникаси бош шифокори Аминжон Қурёзовнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда биринчи навли уннинг ҳар тоннасига 5-6 грамм темир моддаси қўшилади. Бу уннинг таъми ва бошқа хусусиятларига таъсир кўрсатмайди. Айни пайтда мамлакатнинг бир неча вилоятларида темир моддали ун ишлаб чиқарилиб, аҳолига сотилмоқда. Бироқ бу ун миқдори кўп эмас.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, унни бойитиш орқали темир танқислиги камқонлигини бартараф қилиш Венесуэла, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Швеция ва Чили каби мамлакатларда самарали натижа берган.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассиси Дилнора Исомиддинованинг айтишича, Ўзбекистонда камқонликка барҳам беришда айнан ун ва ун маҳсулотлари танланганига сабаб мамлакат аҳолисининг бу неъматларни кўп истеъмол қилишидадир.

Озиқ-овқатни яхшилаш глобал уюшмаси томонидан ажратилган грант асосида уч йиллик дастур ишлаб чиқилган.

Бу дастурга кўра, Ўзбекистонда темир моддаси ва яна бошқа зарур микроэлементлар билан бойитилган ун ишлаб чиқарувчи заводлар сони 14 тадан 48 тага етказилади.

2010 йилга бориб бойитилган ун ишлаб чиқариш ҳажми Ўзбекистонда бир йилда 1 миллион 120 минг тоннага етказилиши кўзда тутилмоқда.

Бироқ ҳозирнинг ўзидаёқ мамлакат аҳолисининг унга бўлган бир йиллик эҳтиёжи 1 миллион 250 минг тоннадан анча-мунча ортиқ. Бу эҳтиёж хусусий ун тегирмонлари ва Қозоғистондан келтириладиган ун ҳисобига қопланади.

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси вакилининг маълум қилишича, компания йилига ўртача 1,5 миллион тонна ун ишлаб чиқаради. Шу пайтга қадар ишлаб чиқарилган бойитилган ун миқдори эса 6 минг тоннадир.

Мустақил манбаларда 25 миллиондан ортиқ нуфусли Ўзбекистонда аёлларнинг 80 фоизи, 14 ёшгача бўлган ўсмирларнинг эса 70 фоизга яқини темир танқислиги камқонлигига чалингани айтилади.

Шундай экан, айни пайтда мамлакатда ишлаб чиқарилаётган бойитилган ун миқдори камқонликка қарши курашда кутилган самарани беришига шубҳа уйғониши мумкин.
XS
SM
MD
LG