Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:00

Уйлар арзон баҳоланяпти


Лобар Гулистон шаҳри темир йўл бекати атрофидаги олтмишга яқин уй-жой ва юзга яқин савдо-маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси шаҳар ҳокимининг қарори асосида бузилмоқда.

Нураб бораётган айрим уйлар эгалари бу қарор туфайли янги бошпаналик бўлиб қолишдан умид қилаётган бўлса, савдо учун қулай ҳудудда жойлашган дўкон ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари хўжайинлари норозидир.

Уйлари бузилаётган фуқароларнинг сўзларига қараганда, бу ҳудудда яшаш учун деярли шароит йўқ. Ер ости сувлари юзага яқин бўлгани сабабли уйлар қишин-ёзин зах бўлади. Аммо уйлар бузилгандан кейин қаердан жой берилиши ҳали ҳам номаълум бўлиб турибди.

Гулистон шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари Турдиали Тўрақулов уйлари бузилаётган оилалар жой билан таъминланаётгани билдирди.

Унинг айтишича, бузилаётган уй ўрнига бошқа турар-жой берилади. Ўзи уй қуришни истовчиларга эса ер берилиб, 2 миллион сўм атрофида товон пули тўланмоқда.

Аҳоли вакиллари эса бузилаётган уйлари учун 700 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача ваъда қилинганини айтмоқда.

“Бу пулга уй олиб бўлмайди. Уйлар қиммат. Менинг етти хонали уйим 2 хоналига ҳисобланяпти. Чунки қолган хоналар уй режасида кўрсатилмаган экан”, - дейди фуқаролардан бири.

Бу ҳудудда бузилиши керак бўлган ўнлаб кичик савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш шахобчалари ҳам бор.

Шаҳар ҳокими ўринбосари бу шахобчалар эгалари учун алоҳида ер ажратиб берилаётганини таъкидлади.

Аммо шахобчалар эгалари савдо учун қулай худудда жойлашган мулклари бузиб ташланишидан норози бўляпти. Савдогарлардан бирининг билдиришича, кўпчилик оилаларнинг тирикчилиги шу дўконлар туфайли ўтиб туради. Баъзиларнинг янги дўкон қуришга имконияти етмайди.

Тадбиркорларнинг маълум қилишича, дўконлар шаҳар меъморининг рухсати ва бошқа ҳужжатлар расмийлаштирилгандан кейингина қурилган. Шунинг учун бу дўконлар ноқонуний қурилган, деб топилишидан кўпчилик ҳайрон.

“Дўконимнинг нархи ҳужжатлар бўйича 3,5 миллион сўм туради. Моддий-маънавий зарарни қоплаш ҳақида гап ҳам бўлаётгани йўқ. Дўконнинг ғиштини олиб кетишга ҳам рухсат беришмаяпти”, - деди тижоратчи аёллардан бири.

Тадбиркорлар нима қилиб бўлса ҳам ўз мулкларини бузилишдан сақлаб қолишга уринишини билдирди.
XS
SM
MD
LG