Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:33

Соғ қайтдингизми, мардикорлар?


Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги Иттифоқ қишлоғилик Абдурасул Пўлатов оиласи аъзоларидан икки киши Қозоғистонда мардикорлик қилган пайтда орттирилган касалликдан вафот этди.

Бу оила беш кишидан иборат эди. Оилада фақат бир киши - А.Пўлатовнинг хотини Одинахон Ўлмасова ишларди.

Етишмовчилик туфайли А.Пўлатов ўтган йилнинг октябрь ойида оила аъзоларини олиб, Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига мардикорликка кетди. Улар бу ерда пахта териб, бир ойда 200 минг сўм даромад билан қайтди.

Оила аъзолари бундан жуда хурсанд бўлди. Чунки Ўзбекистонда пахта териб, ойига шунча даромад қилиш қийин.

Лекин оиланинг қувончи узоққа чўзилмади. Қозоғистондан қайтиб келгандан кейин оила аъзоларидан уч киши ичтерлама касалига чалингани маълум бўлди.

Ўтган йилнинг 25 декабрида А.Пўлатовнинг 9 ёшли қизи Хуршида шу касалликдан вафот этди.

Жорий йил 28 январда эса оила бошлиғи А.Пўлатовнинг ўзи ҳам ичтерлама туфайли ҳаётдан кўз юмди.

О.Ўлмасованинг сўзларига қараганда, қизи шифохонада жами 20 кун ётган. У вафот этгандан кейин отаси турли маросимларга бош-қош бўлиб турган пайтда бирданига ҳарорати кўтарилиб, ўзини ёмон ҳис қилган. А.Пўлатов ҳам шифохонада 20 кунча ётиб, қазо қилган.

Фарғона вилояти санитария эпидемиология станцияси ходимлари вилоятда ичтерламага чалиниш ҳолати қайд этилмаганини маълум қилди.

Аммо Бешариқ тумани юқумли касалликлар шифохонаси бўлим бошлиғи Адҳам Маматқулов туманда ичтерлама мавжудлигини тасдиқлади.

Унинг айтишича, бу касаллик туманга бошқа жойлардан, хусусан, Қозоғистон ва Тожикистонда ишлаб қайтган кишилар орқали кириб келган.

О.Ўлмасованинг ўзи ҳам ичтерламага чалиниб, даволаниб чиққанини маълум қилди. Касаллик тарқалиб кетишидан чўчиган туман раҳбарлари унга даволанишга ёрдам берган.

“Шахсан туман ҳокимининг ўзи 50 минг сўм ёрдам кўрсатди. Бироқ боқувчисиз қолган оиламизнинг бундан кейинги аҳволи қандай бўлишини билмайман. Чунки даволаниш пайтида уйдаги ҳамма нарсани сотдик. Ўзим эса ҳамшира бўлиб ишлайман. 10 минг сўм маош оламан”, - дейди О.Ўлмасова.

Мустақил кузатувчи Адҳам Муҳиддиновнинг таъкидлашича, Бешариқдаги бу воқеа кўпчиликни ўйлантириши лозим. Чунки ҳозир ўн минглаб ўзбекистонликлар мамлакатда иш йўқлиги туфайли хорижда ишлаб қайтмоқда. Улар орасида турли-туман юқумли касалликларга чалинганлари ҳам талайгина. Ўзбекистон ҳукумати бу муаммога жиддий эътибор бериб, ёшларни иш билан таъминлаш, завод-фабрикаларни ишга тушириш ҳақида кўпроқ қайғуриши керак.
XS
SM
MD
LG