Линклар

Германияда бир қатор мусулмон гуруҳлар бирлашиб¸ жамоат мактабларида Ислом бўйича дарслар ўқитиш керак¸ деган ташаббус билан чиқди


А.Арал Яқинда Ҳамбургда мусулмон гуруҳлари ўтказган йиғилишда Германия мактабларида Исломни ўқитиш турли гуруҳларга мансуб ўқувчилар орасидаги муносабатларни яхшилашга ҳамда мусулмон ëшларнинг фундаменталистлар таъсири остига тушиб қолмаслигига хизмат қилиши билдирилди. Мутахассислар фикрича¸ Германия мактабларида Ислом таълимоти ўқитилиши учун мусулмон жамоалар мамлакатнинг диний масалалар соҳасидаги қонун талабларига жавоб бериши керак.

Германияда 1961 йилда туркиялик муҳожир ишчилар келиши билан мусулмон жамоалари пайдо бўла бошлаган.

Бугунги кунда мамлакатда 3 миллион 400 минг мусулмон яшайди. Уларнинг 2 миллон 400 минг нафарини туркиялик мусулмонлар ташкил қилади.
Шунга қарамай Германия мактабларида Ислом бўйича дарслат ўқитилмайди. Аммо Христиан¸ яҳудий ва будда диний таълимотлари ўқитилади. Бу дарслар мамлакат диний таълимот тўғрисидаги қонунга мувофиқ амал қилади.

Германия Конституциясига кўра¸ мамлакатда яшовчи барча дин вакиллари¸ шу жумладан мусулмонлар ҳам диний таълим олиш ҳуқуқига эга. Бироқ Ислом бўйича дарслар мактаб таълим дастурига киритилмаган. Шу боис Германияда яшовчи бир гуруҳ мусулмонлар бу ишни амалга ошириш ташаббуси билан чиқди.

Германияда таълим тизими вилоятдан-вилоятга қараб фарқ қилади. Шу сабабдан соҳа мутахассислари Ислом таълимотини мактабларда ўқитиш учун энг аввало турли вилоятлардаги таълим тизимини мувофиқлаштириш керак¸ деб ҳисоблайди.

Лекин Германияда Ислом динининг турли мазҳаб ва фирқаларига мансуб гуруҳлар ўртасида якдиллик бўлмагани учун Ислом бўйича дарсларга нимани киритиш масаласи мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Шунга қарамай¸ Германия мусулмонлари марказий кенгаши раиси Надим Илëс мамлакат мактабларида Ислом таълимотини ўқитиш муҳимлигини таъкидлайди. Унга кўра¸ ушбу масала вақтида ҳал қилинмаса¸ Германия мусулмонларининг янги насли ўз қадриятларини йўқота бошлайди. Ëш авлодга мактабларда Ислом таълимоти ўқитилмаса¸ улар Ислом динини нотўғри талқин қилувчилар таъсири остига тушиб қолиши мумкин.

Берлин университетининг диний масалалар бўйича мутахассиси Гадбан Ралф фикрича¸ Германия мактабларида Ислом таълимотини ўқитиш ташаббуси билан чиққан гуруҳ мамлакатдаги барча мусулмон жамоалари қарашларини акс эттирмайди. Шу боис бу уринишлар катта натижа бермаслиги мумкин.

“Бу гуруҳ Германиядаги мусулмонларнинг тақрибан 10 фоизини ташкил этади холос. У сиëсийлашган исломий гуруҳ ҳисобланади. Уни анъанавий исломий гуруҳ деб бўлмайди”¸ - дейди мутахассис Ралф.

1980 йилларда Германиянинг Бавария минтақасида Ислом дини таълимотини ўргатувчи синфлар ташкил этилди. Кейинчалик Ҳамбург ва Берлинда ҳам айни тажриба синаб кўрилди. Бироқ диний дарслар турк тилида олиб борилгани учун самарали натижа бермади. Аммо эндиликда Германия мактабларида немис тилида Ислом таълимотини ўқитиш зарурлиги айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG