Линклар

Ўзбекистон ҳукумати Мьюша Северни яхши кўради...ми?

  • Садриддин Ашур

“Freedom house” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Мьюша Север 11 март куни маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан давра суҳбати ўтказди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу йиғин чоғида М.Севернинг Ўзбекистон Президенти билан 5 март куни ўтказган учрашуви тафсилотлари билан қизиқди. Лекин бу ҳақда қаноатли жавоб ололмади.

“Озодлик” мухбири ҳам Президент билан учрашув ҳақида маълумот сўраб, “Freedom house” раҳбариятига бир неча мурожаат қилган, лекин жавоб ололмаган эди.

11 март кунги давра суҳбатига “Озодлик” мухбири ҳам таклиф этилганди. Бироқ М.Север унинг микрофондан фойдаланишни маън қилиб, акс ҳолда йиғинни тўхтатиши айтди.

Шундан сўнг “Озодлик” мухбири учрашувни тарк этди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдужалил Бойматов давра суҳбати чоғида М.Севернинг И.Каримов билан учрашувида нима мавзуда гаплашгани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаганини таъкидлади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева ҳам бу йиғиндан қониқмаганини билдирди.

“Бу ташкилот тренинглар ўтказиш орқали ҳуқуқ ҳимоячиларига катта ёрдам кўрсатмоқда. Лекин унинг ҳукумат билан биргаликда ташкил этган, жазони ўташ муассасаларидаги қийноқларни текшириш лойиҳаси ижобий самара бермади. “Freedom house” ҳукумат позициясидан туриб иш олиб бормоқда”, - деди Е.Урлаева.

Унинг билдиришича, “Freedom house” қийноқлар муаммосини кўтармаётир, бу ҳақдаги аризаларни ҳам ўрганмаяпти. Аксинча, ташкилот бу ҳақдаги аниқ далилларни хаспўшлашга интиляпти. М.Севернинг ўринбосари Бранко хоним эса ҳуқуқ ҳимоячиларини курашдан қайтаришга уринади.

Умуман, сўнгги вақтларда маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан кўпчилиги “Freedom house” фаолиятидан норозилигини изҳор қилмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг маълум қилишича, мамлакат инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг кўпчилиги бир йилдан буён “Freedom house” билан яқин ҳамкорликда ишламаётир. Бунга “Freedom house”нинг ўзи сабаб бўляпти.

“2004 йил майда “Freedom house” инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси раҳбарияти иштирокида учрашув ўтказган, унда қамоқхоналарда қийноқлар бўйича мониторинг қилишга келишиб олинганди. Бироқ бу келишув қоғозда қолиб кетди”, - деди С.Икромов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг фикрича, мамлакат раҳбарининг М.Северни олиб бораётган ишлари учун мақтагани, “Ҳьюман райтс уотч” вакилларига эса Ўзбекистонга киришга рухсат берилмаётгани масалага анча ойдинлик киритади. Бундан М.Север ҳукуматга анча маъқул ишлар олиб бораётгани яққол кўриниб турибди.
XS
SM
MD
LG