Линклар

Оилавий шифокор яхшими ёки ёмон?


Зикрилло Ишонч Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш асносида 2003 йилдан умумий даволаш тизимидан оилавий шифокор тизимига ўтиш тажрибаси қўлланила бошланди.

Бу тизимда катталарни ҳам, кичикларни ҳам оилавий шифокор тиббий назорат қиладиган бўлди.

Бироқ аҳолининг маълум тоифаси оилавий шифокорлар ишидан қониқмаётир. Улар оилавий шифокорлар ишини қониқарсиз баҳоламоқда.

Бу тизимнинг камчилигини танқид қилаётганлар орасида мутахассислар ҳам бор.

Тошкент шаҳридаги 33-поликлиника шифокори Ҳусан Оташайхов Ўзбекистонда оила шифокори тизими нотўғри йўналишда ташкил этилаётганига эътироз билдирди.

Унинг сўзларига қараганда, оилавий шифокорлар болалар ва катталарни битта хонада қабул қилмоқда. Бу эса тиббиёт қоидасига зиддир. Зеро, бунда катталарда мавжуд касалликлар ҳали иммунитети кучли бўлмаган ёш организмга тез юқади.

“Бу ҳолат ўзининг салбий оқибатини кўрсата бошланди. Болалар поликлиникага эмлашга олиб чиқилмаяпти. Ота-оналар катта ва кичиклар битта хонада қабул қилинаётганидан, боласига бирор касал юқиб қолишидан қўрқмоқда”, - деди шифокор.

Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бош бошқармаси вакилининг таъкидлашича, айни пайтда шаҳардаги барча катталар ва болалар поликлиникалари оилавий поликлиникага айлантирилган.

“Ҳар бир оилага битта шифокор бириктирилган. Агар улардан бирорта касаллик топилса, керакли мутахассисга кўрсатилади. Зарур ҳолларда шифохонага ётқизилади. Шунинг учун битта шифокор барча ишларга жавоб беради, деб ўйлаш хатодир”, - деди бошқарма вакили.

Бошқарма вакили оилавий шифокорлар барчани битта хонада қабул қилаётганини рад этди. Унинг айтишича, соғлом чақалоқлар алоҳида хонада қабул қилинади. Барча поликлиникаларда бунга шароит яратилган.
XS
SM
MD
LG