Линклар

“Ҳьюман райтс уотч” БМТни Ўзбекистонни танқид қилишга чақирмоқда

  • Садриддин Ашур

Бир ҳафтадан сўнг БМТнинг 61-сессиясида Ўзбекистон ҳукуматининг ҳисоботи тингланади. “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти эса БМТни Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятни танқид қилишга чақирмоқда.

Ташкилот бу ҳақдаги мурожаатида БМТни 61-сессия чоғида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича вазият хусусида резолюция қабул қилишга даъват этди.

Шунингдек, “Ҳьюман райтс уотч” Ўзбекистон ҳукуматидан БМТнинг қийноқлар бўйича махсус вакили тавсияларини бажаришни тезлатиш, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қамаш ва таъқиб қилишни тўхтатиш, мухолифатдаги партияларни рўйхатга олиш, оммавий ахборот воситаларига эркинлик бериш талаб этилишини сўрамоқда.

БМТнинг 2001 йилда ўтказилган инсон ҳуқуқлари бўйича сессиясида иштирок этган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг сўзларига қараганда, ўшанда Ўзбекистон ҳукумати қаттиқ танқид қилинган эди. Бироқ шу пайтгача мамлакатда вазият яхши томонга ўзгаргани йўқ.

БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен 2002 йилда Ўзбекистонга келиб, қийноқларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиққан ва ҳукуматга тақдим этган эди.

Т.Ёқубовнинг таъкидлашича, қийноқлар Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шунинг учун ҳукумат қийноқларни тўхтатиш, БМТ вакилининг 22 тавсиясини бажариш ниятида эмас.

“Ўзбекистон бу борадаги танқидлардан қутулиш учун Американинг “Freedom house” ташкилоти билан келишиб иш олиб боряпти. Бу ташкилот ҳукуматни Тео ван Бовен қўйган айблардан қутқариш учун фаолият кўрсатмоқда”, - деди Т.Ёқубов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот ходимлари тергов ва суд жараёнларида фуқаролар ҳуқуқларини мунтазам бузиб келяпти. Гуруҳ ўтказган мониторинглар айбланувчилар қийноқларга солинаётганини кўрсатиб турибди.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича вазият яхшиланмаётгани сабабларига тўхталди.

Унинг фикрича, Ўзбекистон тоталитар жамиятдан чиққан бўлса-да, демократияга ўтгани йўқ. Мамлакатда сиёсий соҳа монополияга айлантирилган авторитар тузум ҳукмрон. Авторитаризмда эса биринчи навбатда сиёсий эркинликлар бўғилади.

К.Раббимовнинг эътирофича, Ўзбекистон АҚШ билан стратегик шериклик тўғрисида шартнома имзолаганида ўзига иқтисодий жиҳатдан катта ёрдам кўрсатилишига умид қилганди. Аммо АҚШ инсон ҳуқуқлари масаласида ҳам қаттиқ туриб олди. Шунинг учун Ўзбекистон Россия томон оғиб боряпти. АҚШ билан эса бу соҳада кўп ҳам ҳисоблашаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG