Линклар

Қашқадарёлик жарроҳнинг “ноу хау”си


Фирдавс Қашқадарёдаги 1-вилоят шифохонаси атрофидаги ғалвалар қарийб икки йилдан буён тўхтамаётир. Шифохона жарроҳлик бўлимининг собиқ бошлиғи Маманазар Пардаевнинг “ноу хау”си кўпчиликни даҳшатга солади.

Маълум бўлишича, М.Пардаев узоқ йиллар жарроҳлик бўлимини бошқарган. Юзлаб кишиларни операция қилган. Аммо сўнгги вақтларда шифокор баъзи беморларнинг қорнини очиб, ҳеч қандай операция қилмасдан, қайта тикиб қўйишни одат қилган.

Шифохонанинг жарроҳлик бўлими шифокори Собир Тоҳировнинг сўзларига қараганда, М.Пардаев ошқозон яраси бўлмаган беморнинг ҳам қорнини очиб, ярани олиб ташладим, дея яна тикиб қўйган. Бундай ҳолатлар кўп марта содир бўлган. М.Пардаев барча беморларни ўзи операция қилишни одат қилган. Бошқа шифокорларга эса мустақил операция қилишга рухсат бермаган.

Маълумотларга кўра, 2004 йилнинг 5 ойи давомида бўлимда 180 та ошқозон операцияси ўтказилган. Буларнинг 8 тасида ошқозон резекцияси бажарилгани айтилсада, аслида ҳеч нарса қилинмаган.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган беморлар Панжи Бойқобилов ва Миразим Ғайбулов ўзларини М.Пардаев операция қилдим, деб алдагани, операция учун катта маблағ сарфлаганларини билдирди.

М.Пардаевнинг бу каби ҳаракатлари тез-тез содир бўла бошлагач, бўлим шифокорлари шифохона маъмуриятига хабар берди. Маъмурият эса бирор чора қўллашни эп кўрмади.

Аммо кейинчалик, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Раҳматулла Раҳмоновнинг маълум қилишича, М.Пардаев ишдан бўшатилган.

Айни пайтда Қарши шаҳри прокуратураси томонидан М.Пардаев устидан жиноят иши очилгани, 2003-2004 йилларда бўлимда операция қилинган беморларни қайта кўрикдан ўтказиш бошлангани ҳақида маълумотлар бор.
XS
SM
MD
LG