Линклар

logo-print

Жамғарма хулосасига ишонса бўладими?


Тўлқин 11 март куни Халқаро валюта жамғармаси миссиясининг Ўзбекистонга 22 февралда бошланган ташрифи якунланди. Миссияга ХВЖнинг Марказий Осиё ва Яқин Шарқ департаменти маслаҳатчиси Жон Уакмен Линн бошчилик қилди.

Жамғарманинг Тошкентдаги ваколатхонаси вакиллари бу ташриф ҳақида маълумот беришни истамади, аммо бу ҳақда пресс-релиз чиқарилиши мумкинлигини таъкидлади.

Шунга қарамай, мустақил манбалар тарқатган маълумотлардан маълум бўлишича, миссия аъзолари Молия, Иқтисодиёт, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари ҳамда Марказий банк вакиллари билан учрашган.

Музокараларда асосий эътибор истеъмол нархлари индекси, тўлов баланси, фискал ва пул сиёсати, яқинда жорий этилган индивидуал пенсия жамғармаси, шунингдек, сўмни эркин муомаладаги валютага конвертациялаш, пластик карточка тизими ва бошқа масалаларга қаратилган.

Жамғарма 2003 йилгача Ўзбекистон ҳукуматини сўмнинг эркин муомаладаги валютага конвертациясида муаммо мавжудлиги учун танқид қилиб келган эди.

Бироқ 2004 йил декабрда ХВЖнинг мамлакатга ташриф буюрган миссияси Ўзбекистон тақдим этган статистик маълумотларга асосланиб, бу ердаги иқтисодий ўсишни қониқарли баҳолаганди.

“2004 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоиз ўсган, инфляция даражаси 3,7 фоизни ташкил этган. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йили мустақилликдан кейинги йиллар мобайнида энг юқори, инфляция даражаси энг паст бўлган. Ташқи савдода 2003 йилга нисбатан 65 фоиз ижобий сальдога эришилган. Олтин-валюта захираси 30 фоиздан зиёд ўсган”, - дейилади жамғарманинг ўша ҳисоботида.

Мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошевнинг эътирофича, ХВЖнинг бу хулосаси кўпчиликда таажжуб уйғотган. Зеро, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда 2004 йилда ялпи ички маҳсулот ўсиши 7,7 фоиз эмас, 3 фоиз бўлганини қайд этган.

“Ўзбекистондаги расмий статистикага ишонч йўқ. Бизда статистик ҳисоб-китоб ҳукумат мақсадларидан келиб чиқиб олиб борилади”, - деди Т.Йўлдошев.

АҚШ Давлат департаменти маълумотларида ҳам Ўзбекистондаги статистикага ишонч йўқлиги, жумладан, инфляция даражаси ХВЖ келтирганидек 3,7 фоиз эмас, балки 15-20 фоиз бўлгани, мамлакатдаги асосий муаммо коррупция экани таъкидланади.

Иқтисодчи Шоҳрух Файзиевнинг фикрича, ХВЖ кейинги пайтларда Ўзбекистондаги ҳақиқий вазиятдан кўз юммоқда. Чунки Ўзбекистон ХВЖнинг тавсияларини деярли қабул қилмаётир. Мамлакат жамғармадан кредит олишни ҳам мўлжалламаётир.

Ш.Файзиевнинг таъкидлашича, ХВЖ Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт чуқур илдиз отгани билан ҳисоблашмай келмоқда. Шунинг учун жамғарма хулосалари мамлакатдаги ҳақиқий аҳволни акс эттирмайди.
XS
SM
MD
LG