Линклар

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво

Ўтган ҳафтада марказий нашрларда асосий эътибор аёл, Наврўз ва ободонлаштириш мавзуларига қаратилди.

“Ўзбекистон овози” газетасининг 12 март сонида ЎзА мухбири Норали Очиловнинг Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов билан Президент Ислом Каримовнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги маърузаси юзасидан ўтказган суҳбати эълон қилинди. “Мамлакат янгиланса - миллат яшаргай” сарлавҳали ушбу мақолада О.Шарафиддинов, жумладан, қуйидаги мулоҳазаларини баён қилади: “…Ғоялар жанги авж палласига чиққан. Онгу тафаккур ишғол қилингач, мамлакатни, халқни мустамлакага айлантириш қийин иш эмас. Шу боис мамлакатимизда безовталик, беқарорлик ва нотинчлик туғдиришдан катта манфаат кўрадиган кучлар йўқ эмас. Хориждаги бундай кучларнинг номи, қуроли ҳар хил. Бири бизга демократиядан сабоқ бермоқчи бўлса, иккинчиси гўё мамлакатимизда динни мустаҳкамламоқчи. Аммо асосий мақсади – ўз мафкурасини сингдириш. Хориждаги айрим доиралар: “Ўзбекистонда инсон эрки бузилмоқда”, деб “жон куйдиради”. “Ўзбеклар ҳам инсон эрки, маданияти масаласида бизга етиб юрсин”, дейди улар. Шундай гапларни эшитганимда ёқамни ушлайман: Биз кимга етиб юришимиз керак? Демократия халқаро олимпиада эмаски, олти ой машқ қилиб, жаҳон рекордини ўрнатсак. Дунёда қанча малакат, халқ бўлса, шунча йўналиш ва кўринишдаги демократия бор”.

Шу газетанинг 10 март сонида Матназар Элмуродовнинг “Болалар адабиёти: Тарбия, маънавият, масъулият” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф Ўзбекистондаги болалар адабиёти жонкуярлари ва мутахассислар фикрлари билан қизиққан. Мақолада шоир Турсунбой Адашбоевнинг бундай фикрлари келтирилади: “Ҳозирги болалар матбуоти “сариқ матбуот” ичига кўмилиб кетди, десам янглишмайман. Болаларга мўлжалланган нашрларни ўқисангиз, буни ўзингиз ҳам ҳис қиласиз. Уларда босилаётган мақолалар болаларимиз савиясини пасайтиради, холос. Аслида болаларга аталган ҳар қандай нашрда илмий-маърифий руҳ етакчи бўлиши керак. Ҳозир болалар адабиётида панд-насиҳат руҳидаги шеърлар, ҳикоялар ниҳоятда уруғлаб кетди. Бу эса болани бездириб қўяди. Болага тўғри юр, ақлли бўл, ўзингдан каттани ҳурмат қил, дейиш аслида боғча тарбиячисининг, ўқитувчининг иши. Шоирнинг вазифаси - ақлни чархлайдиган, мустақил фикрлашга ундайдиган асарлари орқали боланинг маънавиятини кўтаришдир”.

“Моҳият” газетасининг 11 март сонида шоира Мусаллам Умированинг шеърлари эълон қилинди. Уларнинг биридан парча келтирамиз:

“Одамлар “бахт” дея
Сиғинган тахтдан
Мен буткул воз кечдим
Лаънатлаб қочдим”.
XS
SM
MD
LG