Линклар

logo-print

НАТО Ўзбекистонга ёрдам кўрсатишда давом этади


Тўлқин НАТО Бош котибининг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакили Роберт Симмонс 11-14 март кунлари Ўзбекистонда бўлди. У ташриф якунлари ҳақида 14 март куни матбуот анжумани ўтказди.

Р.Симмонснинг сўзларига қараганда, Шимолий Атлантика альянсининг Истанбулда ўтказилган саммитида Марказий Осиё ва Кавказ минтақасига, бу ердаги давлатлар билан яқин ҳамкорликка катта эътибор қаратишга келишиб олинган. НАТОнинг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакили лавозими ҳам шу саммитдан кейин таъсис этилган.

Р.Симмонснинг билдиришича, у Тошкентда Ўзбекистон мудофаа вазири Қодир Ғуломов, Қонунчилик палатасининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Аҳтам Турсунов ва бошқалар билан музокаралар олиб борган. Бу музокараларда, асосан, халқаро терроризмга қарши кураш ва Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, у Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида НАТО ва Ўзбекистон ҳарбий ҳамкорлигига бағишланган учрашув ўтказган.

Р.Симмонснинг таъкидлашича, Ўзбекистон НАТО билан индивидуал ҳамкорлик ўрнатишга интилган дастлабки мамлакатлардан бири бўлгани учун бу борадаги алоқаларга НАТО котибияти алоҳида аҳамият қаратади. Шунинг учун НАТО ўзаро ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон ҳукуматига зарурий ёрдам кўрсатишда давом этади.

Р.Симмонснинг айтишича, НАТО учун инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ва демократия кабилар асосий қадриятлар ҳисобланади. НАТО раҳбарияти Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа идораларнинг бу борадаги ҳисоботларини ўрганиб боради. Ҳамкор давлатлар билан муносабатларда ана шу ташкилотлар хулосалари ҳам инобатга олинади.
XS
SM
MD
LG