Линклар

logo-print

Мутлақо махфий ҳужжатни ошкор этишдан ким манфаатдор?


Феруза 14 март куни Сафар Абдуллаев исмли шахс имзоси билан электрон оммавий ахборот воситаларида жуда катта шов-шув қўзғашга мўлжаллангандек таассурот қолдирадиган мақола эълон қилинди.

Бу мақолада гўёки Ўзбекистон раҳбарияти томонидан жорий йил 9 мартда тасдиқланган мутлақо махфий ҳужжатдан парча келтирилади. Бу парча эса Ўзбекистонда 2005-2007 йилларга мўлжаланган қатағон режасидир.

Мақола муаллифининг ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати ўзининг ташқи ва ички сиёсатдаги муваффақиятсизлиги тўғрисида халқ олдида ҳисоб беришдан чўчиб, мавжуд сиёсий тузумдан норози ёки унга мухолифатда бўлган фуқароларни қатағон қилишнинг янги тўлқинини бошламоқда.

“Ўзбекистон ҳудудида мухолифат ва инсон ҳуқуқлари тизими ниқоби остида Конституцияга қарши фаолият олиб бораётган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида жиноят ишлари қўзғатилсин (12-бет, “а” ва “б” бандлар)”, - дейилади мақолада келтирилган махфий ҳужжатдан парчада.

Бу ҳужжатнинг кейинги бандларида бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларнинг исм-шарифлари келтирилган бўлиб, уларга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган чоралар ҳақида гап боради.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати вакили Ойбек Кимсанбоев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мақола бўҳтон ва иғводан бошқа нарса эмаслигини таъкидлади.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати вакиллари ҳам бу мақола ўзларининг ташкилотларига мутлақо дахлдор эмаслигини билдирди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи Суръат Икромов бу ҳужжатга ишониш учун маълум маънода асослар борлигини маълум қилди.

Демократик ташаббуслар маркази раиси Искандар Худойберганов эса Ўзбекистондаги сиёсий тузум ва бу ердаги вазият анчадан буён янги қатағонлар тўлқинидан дарак бераётганини айтди.

“Ушбу ҳужжат мазмунига кўра етарлича ҳаққоний. Чунки Ўзбекистон ҳукумати ўз кирдикорлари батамом фош бўлишидан хавфсирайди. Балки бу мақсадини сиёсатдан норози бўлган фуқароларни қатағон қилиш орқали амалга ошириши мумкин. Эҳтимол бундай ҳужжат ҳеч қаерда тасдиқланмаган, рўйхат ҳам тузилмагандир. Бироқ энди шундай бўлиши ҳақиқатга жуда яқин”, - деди И.Худойберганов.

С.Икромов бу ҳужжат ишдан бўшатилган юқори лавозимли шахслар томонидан тарқатилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

И.Худойберганов ҳам бу ҳужжат Ўзбекистондаги куч ишлатувчи тизимлар томонидан инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва тузумдан норози кишиларни қўрқитиш мақсадида, шунингдек, юқори доиралар тайёрлаётган қатағондан норози амалдорлар томонидан атайин тарқатилгани эҳтимолдан холи эмаслигини билдирди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятова эса мақолада айтилган ҳужжатни жиддий қабул қилмаслигини таъкидлади.

“Ҳукумат раҳбарларига жиддий хавф туғдирадиган шахслар уларнинг атрофида ишламоқда. Мақолада исми шарифи келтирилган шахсларнинг эса ҳукуматга фойдаси бўлса борки, зарари йўқ. Ундаги фактлар демократик кучларни қўрқитиш мақсадида тарқатилган, холос”, - деди В.Иноятова.
XS
SM
MD
LG