Линклар

“Заминдор” фаолияти тўхтатилди

  • Садриддин Ашур

11 март куни Тошкент вилояти фермерлари манфаатларини ҳимоя қиладиган “Заминдор” фермерлар бирлашмаси фаолияти вилоят адлия бошқармаси томонидан тўхтатиб қўйилди.

Шу муносабат билан бирлашма раиси Абдураҳмон Ҳосилов Тошкентда матбуот анжумани ўтказди.

“Заминдор” нодавлат жамоатчилик бирлашмаси 1995 йилда ташкил этилган бўлиб, вилоят адлия бошқармаси томонидан расман рўйхатдан ўтказилган эди.

А.Ҳосиловнинг сўзларига қараганда, “Заминдор”ни республика миқёсидаги бирлашмага айлантиришга ҳаракат бошланган эди. Жумладан, 5 март куни Бўстонлиқда “Заминдор” республика бирлашмасининг қурултойи чақирилганди. Бироқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари бу тадбирнинг ўтказилишига йўл қўймади.

“Бу ҳаракатлар “Заминдор” вилоят бирлашмаси фаолияти тўхтатилишига асосий сабаб бўлди”, - деди А.Ҳосилов.

“Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятова “Заминдор” фаолияти тўхтатилишига бирлашманинг мазкур партия билан ҳамкорлик қилгани ҳам сабаб бўлганини айтди.

“Бирлашма нашр қилдирган ахборот бюллетенида “Озод деҳқонлар” партияси тилга олингани ҳамда профессор Олим Каримов билан ерни хусусийлаштириш ҳақида суҳбат чоп этилгани ҳукуматга ёқмади”, - деди Н.Ҳидоятова.

А.Ҳосиловнинг билдиришича, бирлашманинг ахборот бюллетенларида фермерларнинг ерлари тортиб олинишида қонунийлик масалалари, фермерларнинг Президентга очиқ хатлари ҳам ёритилган. Адлия бошқармаси бирлашма бюллетень чоп этиш учун лицензия олиши лозим, деган баҳонани рўкач қилиб, унинг фаолиятини тўхтатган. Шунингдек, бирлашма рамзига ҳам эътироз бўлган.

А.Ҳосилов ҳозир Ўзбекистонда мавжуд Деҳқон-фермер хўжаликлари уюшмаси фермерларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи эмас, уларга ҳукумат буйруқларини етказадиган ташкилотга айланганини таъкидлади.

У вилоят адлия бошқармаси қарори юзасидан Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага шикоят аризаси киритилишини, “Заминдор” республика бирлашмасини тузиш ҳаракатлари эса давом эттирилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG