Линклар

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кеча Қирғизистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари иккинчи босқичида жиддий камчиликлар қайд этилганини баён қилди.


ЕХҲТ баёнотида таъкидланишича, сайловларнинг иккинчи босқичида ҳам овоз беришнинг ўтган ойдаги биринчи босқичида кузатилган муаммолар қайд этилган. Ўшанда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкиолоти сайловлар халқаро демократик меъёрларга мос келмаганини айтган эди.
Айни пайтда, сайловларни кузатган МДҲ кузатувчилар миссияси овоз бериш жараёнини юқори баҳолади. Миссия вакиллари сўзларига кўра, Қирғизистон парламент сайловларининг иккинчи босқичи яхши ташкил этилган ҳамда эркин ва адолатли ўтказилган.
Қирғизистон марказий сайлов комиссияси раиси Сулаймон Имонбоев ҳам сайловларнинг иккинчи босқичи жиддий қонунбузарлик ва шикоятларсиз ўтганини маълум қилди.

“Менимча, мамлакатимиз бу масалада етарли ва аниқ муваффақиятларга эришди, деса бўлади. Округлар бўйича сайловлар натижаларига таъсир этиши мумкин бўлган жиддий қонунбузарлик ва шикоятлар йўқ”, - деди Имонбоев.

Лекин Марказий сайлов комиссияси раиси ва МДҲ кузатувчиларидан фарқли ўлароқ, мухолифат вакилларининг таъкидлашича, овоз бериш жараёнида қатор қонунбузарликлар кузатилган.
Кеча бўлиб ўтган сайловларнинг дастлабки натижаларига кўра, Қирғизистон Президенти Асқар Ақаевга содиқ номзодлар парламентдаги 75 ўриннинг кўпчилигини эгаллаган, мухолифат номзодлари эса 6 ўринга эга бўлган холос.
XS
SM
MD
LG