Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:37

Чорсу бозорми ёки қамоқхона?


Феруза “Озодлик” мухбири Тошкент шаҳридаги Чорсу бозорида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган таъмирлаш ишлари оқибатида келиб чиқаётган ноқулайликларни кузатди.

Бозорга ҳунармандлар расталари томондан кириб боришда сон-саноқсиз машиналарнинг йўлда тиқилиб қолганига, асабийлашган ҳайдовчиларга, ҳар томонга шошаётган одамлар бир-бирини туртиб-суртиб юрганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Бозор атрофи 3 метрлар чамаси баландликдаги темир панжаралар билан ўралган. Машиналар ва одамларнинг бетартиб ҳаракатидан кўпчиликнинг фиғони фалакка ўрлайди.

“Йўлларга қўйилган бетон тўсиқлардан машина тугул танк ҳам ўта олмайди. Бу кимга, нимага кераклигини ҳеч ким тушунмайди. Шу тўсиқлар бўлмаганда, машиналар йўлда тиқилиб қолмас эди”, - дейди одамлар.

Чорсудаги “Болалар дунёси” дўкони ва деҳқон бозори ўртасидаги катта майдон атрофи ҳам темир панжара билан ўралган. Бу ҳам бозорга кирган фуқароларга анча ноқулайлик туғдиради.

Маълум бўлишича, атрофи ўралган бу майдон машиналар турадиган жой учун мўлжалланган.

Майда тадбиркорларни у ёқдан бу ёққа қувиб юрган ҳуқуқ-тартибот ходимлари атроф панжара билан ўралиши сабабларини тушунтириб бера олмади.

Тадбиркорлар эса бу панжаралар “қувлашмачоқ” пайтида милиционерларга қўл келишини таъкидлади.

“Бу бозор эмас, қамоқхонага ўхшаб қолди. Катталар бу ер ҳайвонот боғи эмаслигини билмайди, шекилли”, - деди ёши катта суҳбатдошлардан бири.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати вакили Хуршид Муҳаммедовнинг сўзларига қараганда, бу панжаралар хавфсизлик мақсадида ўрнатилган. Айни пайтда бозорда таъмирлаш ишлари кетмоқда. Янги лойиҳа бўйича бозорда аҳолига барча қулайликлар яратилиши кўзда тутилган.
XS
SM
MD
LG