Линклар

Аёлларга ҳуқуқлари ўргатиляпти


Намангандаги аёллар захира маркази шаҳардаги маҳаллаларда аёллар ҳуқуқлари бўйича ўқув машғулотлари ўтказиб келмоқда. Шундай тадбирлардан бири “Навбаҳор” маҳалласида ўтказилди.

Захира маркази 2000 йилда ташкил этилган бўлиб, асосан, халқаро ташкилотлар, хусусан, АҚШ ҳукумати ва унинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида фаолият юргизади.

Марказ раҳбари Элмира Дадабоеванинг сўзларига қараганда, марказ фаолиятидан кўзланган асосий мақсад аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларнинг муаммоларни ечишда кўмак кўрсатишдир.

“Навбаҳор” маҳалласида ўтказилган ўқув машғулотида ҳам аёллар, жумладан, уй бекалари иштирок этди.

Марказ тренерларидан бири Дилбархон Акрамованинг таъкидлашича, машғулотларда аёлларнинг ўз жонига суиқасд қилиш сабаблари кўпчилик ўртасида муҳокама этилади. Мана шундай қийин аҳволда қолганда қандай йўл тутиш кераклиги ўргатилади. Шунингдек, жамиятда аёллар дуч келаётган бошқа муаммолар юзасидан ҳам маслаҳатлар берилади. Ҳуқуқларидан фойдаланиш йўллари тушунтирилади.

“Навбаҳор” маҳалласида ўтган машғулотга қатнашган хотин-қизлар бу йиғиндан кўп нарса олганини билдирди.

“Аммо ичимизда ҳуқуқларини яхши биладиганлар кўпчилик. Лекин фойдаланиб бўлмайдиган ҳуқуқнинг кимга кераги бор? Аёлларнинг ҳуқуқлари ҳозир кўпроқ савдо соҳасида бузиляпти. Майда тадбиркорлик билан шуғулланаётган аёлларни ҳуқуқ-тартибот ходимлари бозорлардан қувиб чиқараётганини ҳар қадамда учратиш мумкин”, - деди маҳалла аёллари.

Захира маркази бу каби ўқув машғулотларини вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам ўтказишни режалаштирган.
XS
SM
MD
LG