Линклар

Яна ўша Яманқулов

  • Садриддин Ашур

16 март куни Жиззах вилоятидан келган бир гуруҳ фермерлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари “Озод деҳқонлар” партиясининг Тошкентдаги идорасида матбуот анжумани ўтказди.

Фермерлар маҳаллий ҳокимлик томонидан ерлари ноқонуний равишда тортиб олинаётгани, амалдорларнинг тазйиқи кучайиб бораётганини маълум қилди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Зарбдор тумани бўлими раҳбари Муҳиддин Қурбоновнинг сўзларига қараганда, жамиятга фермерлардан кўплаб аризалар тушмоқда. Бу аризаларда ерлари ноқонуний равишда тортиб олинаётгани, бу ишлар бошида Жиззах вилояти ҳокими Убайдулла Яманқулов тургани айтилган.

Матбуот анжуманида қатнашган фермерларнинг барчаси У.Яманқуловнинг зўравонлик сиёсати ҳақида гапирди.

“У.Яманқулов фермерларга кўп тазйиқ ўтказади. У бизнинг пулларимизни бошқа жойларга ўтказдириб юборади”, - деди Дўстлик туманидаги “Садоқат” фермер хўжалиги раҳбари Омина Қамбарова.

“Гулистон” фермер хўжалиги бошлиғи Толиббой Шоймардоновнинг таъкидлашича, унинг ери пахта режасини бажармагани учун тортиб олинган. Ваҳоланки, режа бажарилмаслигига фермерларнинг айби йўқ. Чунки уларни сув, минерал ўғит, ёнилғи билан таъминловчи ташкилотлар шартнома мажбуриятларини бажармайди. Калтак эса охир-оқибат фермернинг бошига синмоқда.

Зарбдор туманидаги “Қизириқ” фермер хўжалиги раиси Йўлдош Бозорбоевнинг айтишича, фермерларнинг арз-додини ҳеч ким эшитмаётир. Чунки барча идоралар раҳбарлари фақат вилоят ҳокимининг буйруғини бажаради.

“Жиззахда қонун-қоида фақат У.Яманқуловнинг буйруғидир. Вилоятда адолатсизлик авжига чиқиб кетди”, - деди фермер.
XS
SM
MD
LG