Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:21

Ўз газинг ўзгага бериб...


Фирдавс 2,5 миллиондан ортиқ киши истиқомат қиладиган Қашқадарё вилоятида истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишини ҳар қадамда ва мунтазам кузатиш мумкин.

Бутун мамлакатда, қолаверса, хорижга ҳам газ етказиб берадиган Қашқадарёдаги оддий истеъмолчиларнинг газдан фойдаланиш имконияти чекланган. Хусусан, қишда вилоятда газ танқислиги жуда сезилди.

Вилоятнинг Хонабод қишлоғилик Юсуф Назаровнинг таъкидлашича, юқори босимли газ қувури қишлоқнинг яқинидан ўтган бўлса-да, бу ердагилар ундан фойдалана олмаётир. Аҳолининг газ ўтказиб берилишини сўраб, юқори ташкилотларга қилган мурожаатлари самарасиз кетяпти.

Вилоятда электр таъминотидаги узилишлар ҳам одатий ҳолга айланган. Шунга қарамай, мутасадди ташкилотлар етказиб берилмаган электр энергияси учун ҳам ҳақ талаб қилади.

Нишонлик Абдураҳмон исмли кишининг айтишича, у яшайдиган қишлоқда чироқ ёнганидан ёнмаган куни кўпроқ. Бироқ кишиларнинг иш ҳақидан берилмаган электр учун ҳақ ушлаб қолинмоқда.

Вилоят маркази Қарши шаҳрида ҳам газ, электр энергияси, ичимлик сув танқислиги яққол кўзга ташланади.

Қашқадарё электр тармоқлари корхонаси раҳбари ўринбосари Қилич Эшмирзаевнинг билдиришича, электр энергияси билан таъминлаш кўп жойларда ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа асосида олиб борилади. Шунинг учун маълум вақтларда чироқ ўчиши мумкин.

Вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Мустафо Ҳимматовнинг сўзларига қараганда, жамиятга қилинаётган мурожаатларнинг аксарияти истеъмолчилар фойдасига ҳал этилмоқда.
XS
SM
MD
LG