Линклар

logo-print

Маҳсулот қонуний олиб кирилгани билан сифатли бўлавермайди

  • Барно Анвар

“Озодлик” мухбирининг айрим фуқаролар билан ўтказган суҳбатларидан Ўзбекистонда кўпчилик 15 март Жаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни эканини билмаслиги маълум бўлди.

Шунга қарамай, кўпчилик фуқаролар истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини озми-кўпми билиши ойдинлашди. Улар сотиб олинган маҳсулот ёқмаса, сифатсиз чиқса, чек билан алмаштириб олиш мумкин, дея фикр билдирди.

Суҳбатлардан маълум бўлишича, фуқароларнинг аксарияти истеъмолчилар ҳуқуқи деганда сотиб олинган кийим-кечагу, рўзғор буюмларини қайтиб бериш ёки алмаштиришни тушунади.

Бошқа соҳалар, хусусан, коммунал хизматлардан фойдаланишда, техника воситаларидан вақтинчалик фойдаланишда, кредит олишда ҳам истеъмолчи ҳуқуқи мавжудлигидан кўпчилик бехабар.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти ҳуқуқшуноси Аҳмаджон Холиқовнинг таъкидлашича, жамиятга коммунал хизматлар соҳаси бўйича мурожаатлар тушиши кўпайган. Истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга ариза бериши ҳолатлари учраб турибди. Аммо суд қарорлари ҳар доим ҳам бажарилаётгани йўқ.

Иқтисодчи Комрон Муслимовнинг фикрича, масаланинг яна бир жиҳати, яъни мамлакатда сифатсиз маҳсулотлар кириб келиши давом этаётгани эътибордан четда қолиб кетмоқда. Гарчи бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарорлари қабул қилинган бўлса-да, хориждан келтирилган сифатсиз маҳсулотлар бозорларда очиқча сотиляпти.

“Бу маҳсулотлар қонуний олиб ўтилгани учун бемалол сотилмоқда. Лекин қонуний маҳсулот ҳар доим ҳам сифатли бўлавермайди”, - деди иқтисодчи.
XS
SM
MD
LG