Линклар

1991 йилги референдумни эслайсизми?


Бундан 14 йил муқаддам – 1991 йил 17 мартда СССРнинг барча ҳудудларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам иттифоқни сақлаб қолиш масаласида умумхалқ референдуми ўтказилган эди.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган кўпчилик оддий фуқаролар бу воқеани аллақачон унутиб юборганини таъкидлади.

Аммо Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманилик фермер Абдураҳмон Алиев референдумни жуда яхши эслашини билдирди.

Унинг айтишича, ўшанда референдум ўтказилишига масъул бўлган шахслар кишиларни иттифоқни сақлаб қолиш учун овоз беришга ундаган.

Мустақил кузатувчи Рашид Абдуллонинг сўзларига қараганда, референдум олдидан барча оммавий ахборот воситалари иттифоқни сақлаб қолиш ташвиқотини юритганди. Референдум бюллетенлари эса “йўқ” сўзи ўчирилган ҳолда тайёрланганди.

“Ташвиқот шунчалик кучайгандики, одамлар ҳозир “терроризм” сўзидан қанчалик қўрқаётган бўлса, ўшанда “мустақиллик” сўзидан шунчалик чўчиб қолганди. Шунинг учун Ўзбекистон аҳолиси иттифоқни сақлаб қолишга овоз берган”, - деди Р.Абдулло.

Наманган давлат университетининг жаҳон тарихи кафедраси мудири Бахтиёр Исоқовнинг таъкидлашича, ҳар бир тарихий воқеага ўша давр муҳитидан келиб чиқиб баҳо бериш лозим. Ўша пайтда эса шўро давлати раҳбарлари нима қилиб бўлса ҳам иттифоқни сақлаб қолишга интилган эди.

Унинг билдиришича, референдумда овоз беришда “Ўзбекистон янгиланаётган иттифоқ – федерация таркибида мустақил, тенг ҳуқуқли республика бўлиб қолишига розимиз?” деган қўшимча бюллетень ҳам киритилган эди. Бу қўшимча бюллетень бўйича Ўзбекистон аҳолисининг 93,9 фоизи иттифоқни сақлаб қолишга овоз берди.

Р.Абдуллонинг фикрича, ҳозир собиқ иттифоқ таркибида бўлган баъзи республикалар Россия билан алоқаларни узмаган ҳолда Ғарб билан ҳамкорликни кучайтириш йўлидан боряпти. Ўзбекистон эса Ғарбдан юз бериб, Россия қучоғига киришга интиляпти. Буни эса оқлаб бўлмайди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда мустақилликдан кейин чоп этилган тарихга алоқадор китобларда 1991 йилда ўтказилган референдум ҳақида бирорта сўз йўқ.
XS
SM
MD
LG