Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:24

Амалдорлари порахўрлик орқасидан шоҳона яшайдиган мамлакат


Transparenсy international халқаро ташкилотининг яқинда эълон қилинган бир йиллик ҳисоботида Ўзбекистон ўта коррупциялашган давлатлар қаторида тилга олинади.

Ўзбекистонда Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура таркибида иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармалари мавжуд.

Бош прокуратура матбуот котиби Светлана Ортиқова сўзларига қараганда, коррупцияга аралашаётган мансабдорлар дунёқараши тор, шахсий манфаатини устун қўювчи кимсалардир.

У “Озодлик” мухбири билан суҳбатда коррупцияда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилаётган орасида давлат бошқарувининг қайси бўғини вакиллари кўпроқ эканини аниқ айтмади. Шунингдек, С.Ортиқова бирорта аниқ рақам ҳам келтирмади.

Халқаро ташкилотлар ўтказаётган тадқиқотлар натижаси Ўзбекистон коррупция ривожланган ва чуқур илдиз отган мамлакатлар сирасига киришини кўрсатмоқда.

Сиёсатшунос Искандар Худойберганов Ўзбекистонда коррупция мавжудлигини мамлакат раҳбарларининг ўзи ҳам тан олишини таъкидлади.

Унинг фикрича, Ўзбекистондаги коррупция қай даражада эканини суд мустақил эмаслигидан, ўртача иш ҳақи камлигига қарамай, амалдорлар шоҳона ҳаёт кечираётганидан, ҳуқуқ-тартибот идоралари қонун билан эмас, пул билан ҳисоблашишидан билиш мумкин.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев Ўзбекистонда давлат бошқарувининг барча бўғинлари – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари тўла коррупциялашганини таъкидлаб, мамлакатда коррупция икки кўринишда намоён бўлишига эътибор қаратди.

“Биринчиси, барча юқори лавозимли давлат амалдорлари уюшган ҳолда содир этаётган, яъни корпоратив коррупциядир. Иккинчиси эса ҳар бир амалдор ўзи юзага келтирадиган оммавий, бетартиб коррупция”, - деди жамиятшунос.

Б.Мусаевнинг айтишича, ҳозир айнан мана шу оммавий равишда бетартиб содир этилаётган коррупция ҳаракатлари катта корпоратив коррупция гуруҳлари манфаатларига тўғаноқ бўла бошлади. Шунинг учун катта гуруҳ манфаатларига қарши бўлган амалдорларнинг танобини тортишга уриниш кўзга ташланмоқда.

Б.Мусаев мисол тариқасида Ўзбекистонда жуда катта мавқега эга бўлган Исмоил Жўрабековнинг гўёки судлангани, баъзи амалдорларнинг сиқувга олинаётганини келтириб ўтди.

“Коррупциянинг тобора чуқур илдиз отиши, - деди жамиятшунос, - мамлакатнинг қашшоқлашаётгани маҳсулидир. Аҳоли ҳам, қуйи бўғин амалдорлари ҳам камбағаллашиб, ошкора талон-тарожга ўтган. Туман судьяси 30 минг сўм маош олса-да, шоҳона яшаса, буни бошқача изоҳлаш мумкин эмас”.

Иқтисодчи Хайрулла Абдурашидов Ўзбекистондаги корпоратив коррупция ҳақида гапириб, мамлакат сиёсати ушбу гуруҳлар манфаатига йўналтирилганини таъкидлади.

Иқтисодчи мисол тариқасида 2004 йил давомида мамлакатда бозорлар фаолияти борасида қабул қилинган ҳужжатларга тўхталиб ўтди.

Унинг эътирофича, аслида бу қарорлар талабларини бажариб бўлмайди. Бундай қистов тадбиркорларни пора беришга, коррупциялашган бошқарув билан муроса қилишга мажбур этади. Амалдорлар фақат пора ва ноқонуний йўл билан топилган даромадлар эвазига яшамоқда.
XS
SM
MD
LG