Линклар

Ижарачи фермер бўла олмаётир


Фирдавс Статистик маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Қашқадарё вилоятида иқтисодий ночор ҳолатга тушиб қолган 180 га яқин ширкат хўжалиги тугатилиб, фермер хўжаликларига айлантирилган.

Расмийлар фермер хўжаликлари катта самара бераётганини айтса-да, баъзи жойларда фермер хўжалиги учун ер ажратишда талай муаммолар юзага келяпти.

Касби туманидаги “Қашқадарё” ширкат хўжалигида айнан шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Бу ерда ижарачи бўлиб ишлаётган Муртоз Маҳадов 4 йилдан буён фермер хўжалиги учун ер ололмаётганини билдирди.

М.Маҳадовнинг айтишича, хўжалик иқтисодий жиҳатдан анча бақувват. Бироқ деҳқонларга йиллаб маош берилмайди.

“Хўжалик раҳбари ширкат мулкини, иш ҳақларини турли йўллар билан ўзлаштириш мақсадида фермер хўжаликлари ташкил этилишига қаршилик қилиб келяпти”, - дейди яна бир ижарачи Жуманазар Пирназаров.

Маълум бўлишича, мазкур ширкат Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йилда фермер хўжаликлари ташкил этилиши бўйича режасига киритилмаган.

Вилоят ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими котибияти мудири Абдуманноп Примов ҳам бу маълумотни тасдиқлади.

Унинг қўшимча қилишича, мавжуд қонунчиликка биноан юқори рентабелли хўжаликларда ҳосил берадиган ерларни фермерларга ажратиш мумкин эмас. Фақат ташландиқ ва кам ҳосил ер фермерларга берилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG