Линклар

logo-print

Жаҳон банки гранти маҳбусларга ҳам тегишли


Саида Маълумотларга кўра, 15 март куни Жаҳон банки директорлар кенгаши ОИТС (одамда иммун танқислиги синдроми) ва ОИТВга (одамда иммун танқислиги вируси) қарши кураш учун Марказий Осиё давлатларига 25 миллион доллар миқдорида грант ажратиш лойиҳасини маъқуллаган.

Сўнгги тўрт йил давомида Марказий Осиёда ОИТСга чалинганлар сони тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. 2000 йилда мазкур касалликка чалинган 500 киши қайд этилган бўлса, 2004 йилга келиб бу кўрсаткич 12 мингга етган. Рўйхатга олинмаганлар сони ҳам сезиларли даражада кўпайган.

Мутахассисларнинг эътирофича, ОИТС эпидемияси айни пайтда кенг тарқалишнинг дастлабки босқичида турибди. Агар тегишли чоралар кўрилмаса, 2010 йилга бориб “аср вабоси”га чалинган сони жуда кўпаяди. Бу эса минтақа давлатларида жиддий иқтисодий-ижтимоий муаммолар келтириб чиқаради.

Мустақил тадқиқотлардан маълум бўлишича, Ўзбекистон ОИТС тарқалиш суръати жиҳатдан минтақада иккинчи ўринда (биринчи ўринда Тожикистон) туради. 2000-2003 йиллар оралиғида мамлакатда бу хавфли хасталикка чалинганлар сони 16 баробар ўсган.

Бироқ Ўзбекистон ОИТС маркази директори ўринбосари Бахтиёр Мадаминов бу маълумотларни инкор қилди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ОИТС тарқалиши бўйича вазият минтақа давлатларидагига нисбатан барқарордир. Бу мамлакатда ОИТСга қарши кенг кўламда ишлар олиб борилаётгани самарасидир.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасидан олинган маълумотларга кўра, Марказий Осиё давлатларида ОИТСга қарши кураш лойиҳаси бўйича ишлар ягона марказ доирасида ташкил этилади. Шунинг учун ажратиладиган грантдан қайси давлатга қанча ажратилиши тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Ваколатхона ходимаси Дилнора Исомиддинованинг билдиришича, мазкур грант лойиҳаси қамоқхоналарни ҳам қамраб олади.
XS
SM
MD
LG