Линклар

Чиқиндилар аҳоли саломатлигига жиддий хавф солади


Озодбек 18 март куни Тошкентдаги “Экосан” халқаро жамғармасида “Саноат чиқиндилари ва маиший чиқиндилар ҳамда аҳоли саломатлиги” мавзусида халкаро анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирда асосий гап Ўзбекистондаги йирик саноат корхоналари чиқиндилари ва маиший чиқиндиларнинг аҳоли саломатлигига салбий таъсири хусусида бўлди.

Шунингдек, “Сиҳат-саломатлик йили” давлат дастурида белгиланган “Саноат чиқиндилари ва маиший чиқиндилар ҳамда аҳоли саломатлиги” дастурини ишлаб чиқиш, дастур доирасида бажариладиган ишлар ҳамда уларни молиялаштириш манбалари ва бошқа ташкилий масалалар муҳокама қилинди.

Анжуманда саноат ва маиший чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш ва йўқ қилиш муаммоларига алоҳида эътибор қаратилди, бу муаммолар қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Тадбирда келтирилган расмий рақамга ишониладиган бўлса, Ўзбекистонда ҳар йили 100 миллион тонна саноат чиқиндиси ҳосил бўлади.

Норасмий маълумотларда эса бу рақам 500 миллион тонна атрофида экани айтилади.

Аммо “Экосан” жамғармаси раҳбари Юсуф Шодиметов саноат чиқиндилари борасидаги расмий ва норасмий рақамлар ўртасида унчалик катта фарқ йўқлигини билдирди.

Ўзбекистонда ҳар йили чиқадиган саноат чиқиндиларининг бор-йўғи 0,2 фоизи қайта ишланади ёки йўқ қилинади. Қолган қисми эса чиқиндихоналарда тўпланади. Айни пайтда чиқинди омборларининг умумий майдони 10 минг гектарни ташкил этади.

Анжуманда айтилишича, Ўзбекистонда йилига 13-14 миллион куб метр ҳажмда маиший чиқинди ҳосил бўлади. Уларнинг 26 фоизи чиқиндихоналарда тўпланади ва кўмиб юборилади.

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва қайта ишлаш яхши йўлга қўйилмаган. Аксарият чиқиндихоналар зарурий даражада жиҳозланмаган, уларнинг техник ва экологик ҳолати талабга жавоб бермайди. Бу эса экологик ва эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашувига сабаб бўляпти.

Тадбирда иштирок этган мутахассислар чиқиндиларни аҳоли турар-жойларидан олисга ташиш учун транспорт воситалари етишмаслиги, чиқиндилар миқдорини ўрганиш бўйича чуқур тадқиқотлар ўтказилмаганини таъкидлади.

Анжуманда “Саноат чиқиндилари ва маиший чиқиндилар ҳамда аҳоли саломатлиги” дастури яқин кунларда қабул қилиниши айтилди.

Ю.Шодиметовнинг сўзларига кўра, бу дастурни молиялаштириш учун йирик халқаро банклар ва ташкилотларнинг кўмагини жалб этиш, Ўзбекистон ҳукуматининг бу масалага жиддий эътибор қаратишига эришиш лозим.
XS
SM
MD
LG