Линклар

Тинч ухланг, ўзбекистонликлар!


Саида Кейинги ойлар давомида Ўзбекистонда, хусусан, Тошкентда бир неча марта кучсиз, аммо сезиларли ер қимирлади. Бу эса тарихда даҳшатли зилзилаларни бошдан кечирган мамлакат аҳолиси ўртасида муайян хавотирлар уйғотиши табиий.

Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институти директори Қаҳҳорбек Абдуллабеков “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мамлакат ҳудудида яқин вақтларда кучли ер қимирлаши кутилмаётганини билдирди.

“Ўзбекистонда кўклам ва кеч кузда нима сабабдандир сейсмик фаоллик сезиларли бўлади. Ҳозир кучсиз ер қимирлашлари кузатилаётгани шундан”, - деди Қ.Абдуллабеков.

Институт директорининг таъкидлашича, Ўзбекистонда сейсмик ҳолатни ўрганадиган қирққа яқин станция фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг жиҳозлари анча эскириб қолган бўлса-да, кузатув ишлари мунтазам давом этяпти.

Яна бир мутахассис, профессор Сабриддин Ҳисомиддиновнинг маълум қилишича, Ўзбекистон сейсмолог олимлари сейсмик ҳолатни глобал миқёсда мониторинг қиладиган халқаро лойиҳага қўшилган. Бу лойиҳа доирасида иштирокчилар ўз мамлакатларидаги тектоник ва бошқа ер ости ўзгаришларини ўрганиб, ўзаро ахборот алмашади.

Қ.Абдуллабеков Ўзбекистоннинг ғарбий ҳудудидаги сейсмик ҳолат нисбатан кам ўрганилгани, халқаро мониторинг лойиҳаси доирасида бу ерда ҳам тадқиқотлар олиб борилишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG