Линклар

logo-print

Кимга ишониш керак?


Феруза Электрон оммавий ахборот воситаларида тарқатилган хабарларга кўра, Буюк Британиянинг “ЎзПЕК ЛТД” компанияси Марказий Устюрт ва Жануби-ғарбий Ҳисор нефть-газ конларини ўзлаштириш лойиҳаси бўйича маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битимни бекор қилгани учун Ўзбекистон ҳукумати билан судлашади.

Бу ҳақда мазкур компанияни назорат этувчи Россия нефть-газ саноатчилари иттифоқи (“Союзнефтгаз”) президенти Юрий Шафраник маълум қилган.

Маълумотларда айтилишича, битим “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси томонидан бекор қилинган.

“ЎзРЕК ЛТД” президенти Николай Клинчев компания битимнинг бекор қилинишга сабаб бўладиган ҳеч қандай қонунбузарликка йўл қўймаганини билдирган.

Шунингдек, у келишувни бекор қилиш тўғрисидаги қарор фақат Ўзбекистон ҳукумати билан келишилган ҳолда қабул қилиниши мумкинлигини ҳам айтган.

“Союзнефтгаз” матуот котиби Евгений Ягубец “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ю.Шафраник “ЎзПЕК ЛТД” компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан судлашиши тўғрисида ҳеч қандай гап айтмаганини маълум қилди.

Унинг билдиришича, аслида Ю.Шафраник мазкур компания атрофидаги гап-сўзлар ҳақидаги журналистларнинг саволларига жавоб қайтаришни истамаган.

Е.Ягубец жорий йил февралда “ЎзПЕК ЛТД”нинг лицензияси қайтариб олингани ва Ўзбекистон прокуратураси компания фаолияти юзасидан текширишлар ўтказганини ҳам маълум қилди.

Е.Ягубец Ю.Шафраник номидан ёлғон маълумот тарқатилгани, бунда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги дўстона алоқалар душманларининг қўли борлигини таъкидлади.

“ЎзПЕК ЛТД” компанияси президенти Н.Клинчев ҳам Ю.Шафраник номидан тарқатилган маълумотлар бўҳтон эканини билдирди.

“Ўзбекистон ҳукумати билан судлашиш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Зеро, ҳеч қандай битим бекор қилингани йўқ. Биз Ўзбекистонда одатдаги фаолиятимизни давом эттиряпмиз”, - деди Н.Клинчев.

Н.Клинчев “Ўзбекнефтгаз” томонидан компания лицензияси қайтариб олингани тўғрисида маълумот беришни истамади.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз”дан ҳам бу можаролар ҳақида маълумот олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG