Линклар

logo-print

Ўзбекистонда АҚШнинг тўртинчи ташкилоти фаолияти тўхтатилди


Тўлқин Хабарларга қараганда, Ўзбекистон Адлия вазирлиги АҚШга қарашли Халқаро республика институтининг мамлакатдаги ваколатхонасини аккредитациядан маҳрум этган.

“Озодлик” мухбири ушбу хабарга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Адлия вазирлигига мурожаат этганида вазирлик вакили институт акрредитациядан маҳрум қилинганини рад этмади, аммо бунинг сабаблари тўғрисида аниқ гап айтмади.

Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва АҚШ элчихонаси вакиллари ҳам бу масала юзасидан муносабат билдиришни лозим топмади.

Мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг сўзларига кўра, Халқаро республика институти сўнгги бир йилдан кўпроқ вақт мобайнида АҚШнинг Ўзбекистонда фаолияти тўхтатилган тўртинчи ташкилотидир. Бундан илгарироқ Сорос жамғармаси, “Интерньюс”нинг Тошкентдаги бўлими – “Интерньюс-Тошкент” фаолияти тўхтатилган эди. “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти фаолиятига эса йўл берилмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, “Интерньюс-Тошкент” фаолияти суд қарори билан март ойига қадар тўхтатилган эди. Аммо, маълум бўлишича, ташкилот ишлашига ҳали ҳам рухсат этилмаган.

Т.Йўлдошев фикрича, Америкага қарашли ташкилотлар бирин-кетин ёпилаётгани Ўзбекистон-АҚШ муносабатларига дарз кетганидан дарак беради. Бу ҳолат Ўзбекистонни халқаро изоляцияга тушириши мумкин.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, 2004 йил 21 майда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистоннинг эндиликда собиқ адлия вазири Абдусамат Полвонзода Халқаро республика институтининг ёпилиши ҳақида огоҳлантирган эди. Ўшанда вазир АҚШнинг бир неча ташкилотлари, хусусан, Халқаро республика институтини ҳам Ўзбекистон қонунчилигига зид ҳаракатларда айблаганди. Жумладан, институт мамлакатда расман рўйхатга олинган мухолифатдаги партиялар – “Эрк”, “Бирлик халқ ҳаракати”, “Озод деҳқонлар” билан доимий алоқада бўлиб келаётгани айтилганди.

Халқаро республика институти АҚШда айни пайтда ҳокимият тепасида бўлган Республикачилар партияси томонидан молиялаштирилади. Институтга нуфузли сенатор Жон Маккейн раҳбарлик қилади. Бу ташкилот МДҲнинг деярли барча давлатларида ўз ваколатхоналарига эга.

Т.Йўлдошевнинг таъкидлашича, ҳозирча АҚШ Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаб турибди. Бироқ бу ҳол узоқ давом этиши мумкин эмас. Эртами-кечми АҚШ маъмурияти Ўзбекистонга нисбатан муносабатини ўзгартиришга мажбур бўлади.

Т.Йўлдошевнинг айтишича, кўпчилик давлатларнинг Ўзбекистон ҳукуматига ишончи қолмади. Жумладан, Ўзбекистон АҚШ билан тескари бўлиб қолгандан кейин Россиядан нажот кутмаса ҳам бўлади.
XS
SM
MD
LG