Линклар

logo-print

Ўзбек мухолифати: Оққуш, чўртанбалиқ ва қисқичбақа

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда ҳукуматга мухолифатда бўлган учта асосий партия бўлиб, кузатувчиларнинг фикрича, улар ҳаракатларини бирлаштирмаётир, тарқоқликда иш юритмоқда.

“Эрк”, “Бирлик халқ ҳаракати” ва “Озод деҳқонлар” партияларнинг тарқоқ ҳаракатлари кўпчилик мустақил экспертлар, сиёсатчиларнинг танқидига сабаб бўляпти.

“Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг фикрича, Ўзбекистонда мухолифат жуда кучли. Айни пайтда бутун халқ ҳукуматнинг мухолифига айланган. Аммо мавжуд сиёсий тузумнинг таъсири ўлароқ, мухолифат қилаётган ишлар кўзга кўринмаётир, натижа бермаётир.

Шунга қарамай, О.Ориповнинг айтишича, ҳар уччала сиёсий партиянинг қуйи бўғинлари биргаликда ҳаракат қилиши кўп кузатилади.

“Ташкилий жиҳатдан бирлашиш шарт эмас. Бироқ айрим масалаларда ҳамкорлик қилиняпти”, - деди “Эрк” бош котиби.

“Бирлик” партияси бош котиби Васила Иноятованинг сўзларига қараганда, партиянинг 2003 йил 25 августда бўлиб ўтган қурултойида мухолифатдаги бошқа сиёсий кучлар билан бирлашиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бунда мазкур кучларнинг бир ном остида бирлашиши кўзда тутилган.

“Балки “Эрк” номи остида бирлашиш муҳимроқдир. Лекин баъзи жиҳатлар борки, бунга тўсқинлик қилади. Масалан, “Эрк”нинг, собиқ деймизми, бошқа деймизми, раиси Муҳаммад Солиҳ терроризмда айланган. Бу партия номи остида бирлашиладиган бўлса, рўйхатдан ўтишда, умуман кейинги фаолиятда анча тўсқинлик бўлиши мумкин. Шунинг учун энг қулайи “Бирлик халқ ҳаракати” партияси номи остида бирлашишдир”, - деди В.Иноятова.

“Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятованинг таъкидлашича, мухолифатдаги партияларнинг энг қуйи бўғинлари ҳамкорликда ишлаётган бўлса-да, уларнинг етакчилари ўртасида қарама-қаршилик мавжуд. Бу лидерлар ўз амбицияларидан воз кеча олмаётир.

Н.Ҳидоятова “Озод деҳқонлар” барча демократик кучлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистон демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг эътирофича, демократик кучларнинг бир неча сиёсий партияларга бўлингани аслида яхши. Лекин ёмон томони шундаки, бу кучлар жипслашиш босқичини босиб ўтгани йўқ. Ҳукумат бирлашишга ҳаракатларни йўққа чиқаришга муваффақ бўлди.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев мухолифат ягона стратегияга эга бўлмагани туфайли бирлашиб ҳаракатлана олмаётганини таъкидлади.

Унинг айтишича, мухолифат орасидаги бўлиниш Ўзбекистон махсус хизматларининг иши натижасидир. Партиялар аъзолари орасида ушбу хизматлар томонидан ёлланган бузғунчилар бор. Улар мухолифатдаги партиялар ўртасига ихтилоф солишга уринмоқда ва кўп ҳолларда бунинг уддасидан чиқмоқда.
XS
SM
MD
LG