Линклар

Бу йилги Наврўз қандай ўтади?


Дилнаво Ўзбекистонда ҳар йили Наврўз тантаналарининг юқори доираларга мўлжалланган расмий қисми учун театрлаштирилган концерт дастури тайёрланади.

Бу йилги дастур сценарийси Ўзбекистон халқ шоирлари Абдулла Орипов ва Жуманиёз Жабборов томонидан ёзилган бўлиб, “Халқ сайли” деб номланади.

Концерт дастурининг саҳналаштирувчи режиссёри, Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошевнинг сўзларига қараганда, бу йилги дастур болалар чиқиши, эстрада юлдузлари концерти каби блокларга бўлинмаган. У миллий ўйинлар, миллий урф-одатлар уйғунлигида театрлаштирилгани билан аввалгиларидан фарқ қилади. Шунингдек, вилоятлардан санъат гуруҳлари таклиф этилмаган.

“Ҳар йили расмий концерт дастури фақат расмийлар учун намойиш этилар эди. Бу йил эса халқ сайли тарзида ўтказилаётгани учун унинг томошабинлари оддий халқ ҳам бўлиши мумкин”, - деди Б.Йўлдошев.

Бу йилги байрам концерт дастурига ҳам талабалар, театр актёрлари, эстрада хонандалари жалб этилган.

Дастурда қатнашаётган талабаларнинг таъкидлашича, улар репетиция туфайли деярли бир ойдан буён ўқишга бораётгани йўқ.

Талабалар бир неча дақиқалик кўриниш учун репетицияларга ҳар куни икки маҳалдан қатнаётгани, йўлда транспорт билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётгани ҳақида гапирди.

Маълум бўлишича, дастурда қатнашаётган талабаларга шу тоифа учун чиқарилган ойлик йўл чипталари ва унинг нархи миқдорида пул берилади.

Талабалар ўзларига берилаётган пул миқдори бироз кўпайтирилишини сўраганида, коллеж домлалари рад жавобини берганини ҳам айтиб ўтди.
XS
SM
MD
LG