Линклар

КРЕЙГ МЮРРЕЙ: ҒАРБ КАРИМОВНИ ҚЎЛЛАМАСЛИГИ КЕРАК


Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей Тошкентдаги икки йиллик дипломатик фаолияти ҳақида хотира китобини ёзишга киришган. "Ҳеч ким билмаслиги керак" номли китоб шу йил куз ойларида нашрдан чиқиши кутилмоқда. Ҳурмат Бобожон бу ҳақда собиқ элчи билан суҳбатлашди.

Савол: Жаноб, Мюррей, нимага энди ёзаётган китобингизни "Ҳеч ким билмаслиги керак эди", деб номладингиз?

Жавоб: Сабаби, ушбу китоб АҚШ ва Британия ҳукуматлари сир тутилишини хоҳлаётган, Ўзбекистон раҳбарияти ошкор этилишини истамаётган маълумотларни ўз ичига олади. Китобга муқаддима сифатида "Самарқандга элтувчи олтин йўл" номли машҳур инглиз шеърини танладим. Шеър мазмуни эса мана бундай: "Сайёҳликдан мурод бир тижорат эмас, иссиқ тафтга ёниқ қалбимиз. Махфий илмларни билиш шаҳдида, Олтин йўлдан Самарқанд сари интиламиз биз".

Савол: Демак, булар ҳақда китоб ёзиш учун Сизда етарли маълумотлар бор?

Жавоб: Ҳа, албатта. Ҳатто мен барча маълумотларни қандай қилиб бир китобга сиғдиришни билолмаяпман. Шунинг учун, балки кейин иккинчи китобни ёзишга тўғри келар.

Савол: Жаноб, Мюррей, Сиз Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасида танқидий чиқишларингиз билан танилган дипломатсиз ва дипломат сифатида ўз қарашларингизни жамоатчиликдан яширмагансиз. Хўш, китобда аввал айтилмаган қандай қизиқарли воқеалар ҳақида ўқиш мумкин бўлади?

Жавоб: Бу ўз шахсий қарашларим акс этган бир китоб бўлади. Ўзбекистонда икки йиллик дипломатик фаолиятим давомида кўрганларим, билганларим, бошқа давлат дипломатлари билан суҳбатларимни шу китобга жамламоқчиман. Қолаверса, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши холатлари ҳақида жуда кўп маълумотга эгаман. Ўйлашимча жамоатчилик бу китобимдан аввал билмаган нарсалар ҳақида кўп маълумот олади.

Савол: Жаноб Мюррей, Сиз Британияда бўладиган парламент сайловларида мамлакатнинг ҳозирги ташқи ишлар вазири Жэк Строу билан беллашиш учун кампания бошлабсиз. Мана шу китоб сайловолди кампанияси доирасида ёзиляптими?

Жавоб: Йўқ, бу китоб фақат сиёсат ҳақида эмас. Бу китоб кўпроқ менинг хотираларим ҳақидаги субъектив бир китобдир.

Савол: Бўлажак сайловларда Жек Строудан устун келиб, ғолиб чиқишингизга қанчалик ишончингиз комил?

Жавоб: Жуда ишонаман. Бундай ишга киришар экан, ҳар бир одам оптимист бўлиши керак. Аммо, мен учун муҳими сайловни ютиш эмас, мен учун энг муҳими диктатор Каримовни Ғарб қўллаб-қувватламаслиги кераклигини бу ердагиларга етказишдир. Яъни Ироқда бир диктаторни қулатиш учун Ўзбекистондаги яна бир диктаторни қўллаш керак эмас эди. Мен Американи назарда тутиб буни айтаяпман.

Савол: Жаноб Мюррей, АҚШ Давлат департаменти яқинда эълон этган йиллик ҳисоботида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кескин танқид қилди. Қолаверса, Вашингтон расмийлари пост-Совет давлатлари, хусусан Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар муҳим экани борасида кўпроқ гапира бошладилар. Сизнингча, АҚШ Ўзбекистон раҳбариятига бўлган ёндашувини ўзгартириб, кескинроқ позиция тута бошляпти деса бўладими?

Жавоб: Шунга умид қиламан. Лекин, Каримовни қўллаб-қувватлаш учун, хусусан Ўзбекистоннинг ҳарбий, разведка ва хавфсизик ҳизматлари учун юз миллион долларлаб ёрдамлар оқиб келишда давом этмоқда. Шундай экан, бундай позиция сўзда эмас, амалда бўлиши керак.

Савол: Мана Сиз Британия ташқи ишлар вазири Жэк Строу лавозимига даъвогарлик қиляпсиз. Строу ўрнида бўлганингизда Ўзбекистонга нисбатан қандай сиёсат қўллаган бўлардингиз?

Жавоб: Энг аввало шуни айтишим керакки, мен Британия ташқи ишлар вазири Жэк Строу ўрни учун эмас, балки парламент аъзоси бўлиш учун кураш олиб боряпман. Энди Сизни саволингизга келсак, менимча Ғарб Беларусдаги Лукашенка режимига қарши санкциялар жорий этиб, молиявий ёрдамларни тўхтатиб, Лукашенконинг четга чиқишини чеклаб қандай сиёсат олиб бораётган бўлса Ўзбекистонга ҳам худди шундай сиёсат қўлаши керак. Чунки, Каримовни Лукашенкадан яхши одам деб бўлмайди.

Савол: 11 сентябр воқеаларига қадар Ғарб демократия ва инсон ҳуқуқлари борасида Ўзбекистонга нисбатан қаттиқроқ сиёсат юргизиб келди. Аммо, бундан натижа бўлмади. 11 сентябр воқеасидан сўнг Ўзбекистон АҚШнинг аксил террор амалиётида яхши ҳамкорга айланди. Балки шундан сўнг Каримов ҳукумати инсон ҳуқуқлари борасидаги сиёсатини ўзгартирар деган умидлар пайдо бўлди. Аммо, бу умидлар ҳам пучга чиқди. Сизнингча Ғарб Ўзбекистонга нисбатан бошқа қандай сиёсат тутиши керак?

Жавоб: Менимча Ўзбекистонда сиёсий мулоқот ўзини оқламади. Ғарбнинг Ўзбекистонга бераётган ёрдамларига қарамай у ерда на ислоҳотлар кузатилда ва на демократия томон қадам ташланди. Масалан яқинда ўтган сайловларни олайлик. Мухолиф партиядан биронта мухолиф номзод қатнашмади ўша сайловда. Фақат ҳукуматга хайрихоҳ партияларгагина сайловда қатнашиш имконига эга бўлдилар холос. Ўзбекистонда сўз эркинлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Қани, қаерда кўриш мумкин, Ғарб ёрдамлари натижасини. Менимча биз бу режимни қўллаб қувватлашни бас қилишимиз керак.

Савол: Жаноб Мюррей, Сизга сўнгги саволим. Сиз Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида ўз сўзингизга, ўз қарашларингизга эга бўлган дипломатлардан бири эдингиз. Аммо, кейинчалик элчилик лавозими билан хайрлашишингизга тўғри келди. Айтингча, Сизни нимадандир афсусланиш хисси безовта қилмайдими?

Йўқ, асло. Агар АҚШ Ўзбекистонга қаттиқроқ ёндашаётган бўлса, менимча бу бизнинг ҳаракатларимиз махсули. Биз Ўзбекистондаги қонунбузарликлар ҳақида дунё жамоатчилигини огоҳ қилишга ҳаракат қилдик. Менимча биз тўғри иш қилдик. Ва ҳозир ҳам Ўзбекистонни тарк этган бўлсам-да, Марказий Осиё озодлиги йўлидаги ҳаракатларимни тўхтатганим йўқ.

Жаноб Мюррей суҳбат учун катта рахмат.
XS
SM
MD
LG