Линклар

22 март куни Бишкекда Қирғизистон янги парламентининг биринчи сессияси очилди.


Йиғилишда сўзга чиққан мамлакат Президенти Асқар Ақаев парламент депутатларини табриклади:
“Қирғизистон Жўқорғу Кенгеши тўртинчи чақириқ биринчи сессияси очилиши муносабати билан сиз депутатларни чин қалбдан, бутун мамлакат халқи номидан табриклашга ижозат бергайсиз”, – деди Қирғизистон раҳбари.
Янги Парламент биринчи сессияси охирида Президент Асқар Ақаевга мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиш тавсия этилган резолюция қабул қилинди. Сешанба эрталаб Асқар Ақаев бундай қарор қабул қилишни истамаслигини маълум қилган эди.
Айни пайтда, Қирғизистонда парламент сайловлари натижаларидан норози бўлган мухолифат тарафдорлари намойиши давом этмоқда. Намойишчилар бир неча ҳокимият биноларини эгаллаб олган. Улар Президентнинг истеъфога чиқишини ҳам талаб қилмоқда.
Қирғизистон мухолифатига кўра, ҳукумат сайлов натижаларини соҳталаштирган. Баъзи ҳорижлик кузатувчилар ҳам айни фикрни билдирган.
Бироқ Президент Асқар Ақаев истеъфога чиқиш ва парламент сайловлари натижаларини бекор қилиш тўғрисидаги мухолифат тарафдорлари талабини рад этди. Айни пайтда, Қирғизистон ҳукумати парламент сайловлари қонуний бўлганини билдирди. Ақаев сайловлардан кейин мамлакат жанубида юз бераётган тартибсизликлар яқин фурсатда катта куч қўлланмасдан назорат остига олинишини маълум қилди. Ақаевга кўра, Қирғизистоннинг бир неча шаҳарида давом этаётган норозиликлар ортида жиноий элементлар турибди.
Айни пайтда, сешанба куни Қирғизистон мухолифати раҳбарларидан бири Қурманбек Бақиев Россия Президенти Владимир Путинни Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштиришда ёрдам беришга чақирди.
XS
SM
MD
LG