Линклар

Мухолифат ва ҳукумат тезда музокара бошламаса¸ Қирғизистондаги вазият издан чиқиши мумкин


Қирғизистон жанубида вазият кескинлашиб бормоқда. Жалолобод¸ Талас ва Ўшда мухолифат тарафдорлари якшанба куни хавфсизлик кучлари билан айрим тўқнашувлардан сўнг¸ маъмурий биноларни қайта қўлга олдилар¸ ўн минглаб одам кўчаларга чиқди.

Намойишчилар сайлов натижалари бекор қилиниб¸янги сайловлар эълон этилиши ва президент Ақаевнинг истеъфога чиқишини талаб қилишмоқда. Ўшдаги мухбиримизнинг билдиришича¸ намойишчилар ҳарбий ва милиция қўшимча кучларининг вилоятга келиши олдини олиш мақсадида¸ Жалолобод ва Ўш аэропортини қўлга олганлар. Шунингдек¸ Бишкекдан келган махсус Қалқон гуруҳи десантчилари ҳам гаровга олинган.

Мухбиримизга кўра¸ Ўш халқ кенгаши деб аталаëтган ташкилот раҳбари Анвар Ортиқов¸ вилоятдаги барча расмийларни йиғиб¸ мажлис ўтказган ва уларнинг ҳукумат ëки мухолифат тарафида эканларини сўраган. Аксарият мухолифат томонида эканини билдирган.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг маркази Ўшда жойлашган Марказий Осиë дастури раҳбари Дэвид Луис¸ гарчи Қирғизистонда рангли инқилоблар эҳтимоли ҳақида олдиндан кўп гапирилган бўлса ҳам¸ воқеалар кутилмаган тарзда ривожланиб кетиши хусусида ташвиш билдирди.

”Буни бутунлай кутилмаган деб бўлмайди.Сайлов натижалари сохталаштирилса¸ тўполон ва тартибсизлик чиқиши мумкин¸ деган огоҳлантиришлар кўп бўлган эди. Аммо ҳозир вазият жуда қалтис ва у осонликча назоратдан чиқиб кетиши мумкин”¸ - деди Луис.

Марказий Осиëда инқилоб эҳтимоли Қирғизистонда энг кучли¸ деган тахминлар кўпдан билдирилаëтган эди. Аммо таҳлилчи фикрича¸ Қирғизистон жанубида кечаëтган ҳозирги жараëнларни Украина ва Грузиядаги воқеаларга қиëслаш бир оз мушкул.

”Инқилоб дейиш учун¸ ҳозирча сиëсий раҳбарлик етишмаяпти. Ҳозирча вазиятни ўзи биров назорат қилиб-қилмаëтганини тушуниб бўлмаяпти. Ҳукумат назорат қилмаëтгани аниқ¸ аммо мухолифатда ҳам назорат тизгини йўқ. Воқеалар ривожи таҳликали ва жараëн бутунлай назорат қилиб бўлмас ҳолга етиши мумкин”¸ - дейди мустақил таҳлилчи.

Ўш¸ асосан ўзбеклар яшовчи минтақа ва бу ерда бирор фитна ва провокация бўлса¸ у миллатлараро низо қўзғашни мақсад қилиши мумкин¸ деган хавотирлар бор. Давид Луисга кўра¸ ҳозирча бундай хавотирларни қўлловчи ҳаракатлар кузатилмаган.

”Ҳозирча миллий низога элтиши мумкин ҳаракатлар кўринмади. Аммо эҳтимоли мавжуд хатарлардан асосийси¸ айнан шу. Ҳозирча ҳукумат музокараларга ҳозир эмас. Бундай вазиятда президентнинг ўзидан ташаббус чиқиши керак¸аммо ҳозирча Ақаевдан аниқ бир таклиф чиқмади. Айни шу соатларда нимадир қилинмаса¸ эрта-индин кеч бўлиши мумкин”¸ - дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг маркази Ўшда жойлашган Марказий Осиë дастури директори Дэвид Луис.

Таҳлилчи Ақаев ҳукуматининг музокараларга тайëр эмаслиги айтди. Мухолифат етакчиларидан бири¸ собиқ бош вазир Қурманбек Бакиев ҳам душанба куни Ақаев ҳукуматини ҳозирги қалтис вазиятда томошабин бўлиб туриб¸ музокара фурсатини ўтказиб юбораëтганликда айблади.

"Ҳукуматнинг ҳозирги вазиятни назоратга солиш мақсадида мухолифат тугул¸ ҳатто халқаро ташкилотлар билан ҳам гаплашгиси йўқ. Улар вазиятнинг шундай давом этишидан манфаатдор. Ҳукуматдагилар тартибсизликларнинг янада кўпайишини кутиб ўтиришибди. Бошқа нима дейиш мумкин бу жимлик ҳақида!"¸ - деди Бакиев жумладан.

Бакиев музокараларни талаб қилаëтган бир пайтда¸ мухолифатнинг яна бир раҳбари¸ Ота юрт ҳаракати етакчиси Роза Отунбоева¸ сўзлашувга ҳожат йўқ¸ дея баëнот берди.

"Музокарада гаплашадиган гап йўқ бизда.Биз президент истеъфосини талаб қилаяпмиз ва талабимиз бажарилишини кутаяпмиз"¸ - деди Отунбоева. Эслатиб ўтиш жоиз¸ Жалолобод вилояти ҳозирда Бакиев¸ Ўш эса Отунбоева тарафдорлари қўлида.

Президент маъмурияти бошлиғи ўринбосари Болот Жанузоқов¸ маъмурият музокарага тайëр¸ аммо мухолифат бундай сўзлашувга лойиқ эмас¸ деган мазмунда гапирди душанба куни.

"Президент Ақаев¸бош вазир¸бош вазир ўринбосари ҳам музокарага тайëр. Ҳамма тайëр. Аммо сўзлашув ўтказиш учун партиялар тегишли шароит яратишлари керак. Агар улар ҳамма ëқни бузиб¸ ўт қўйиб юрган бўлса¸ улар билан ким сўзлашади! Музокара бошланиши учун бундай ҳаракатлар тўхтатилиши шарт"¸ - деди Жанузоқов.

Бакиев фикрича¸ музокараларни рад этиш билан ҳукумат провокацияларга замин ҳозирламоқда.

"Ҳозир¸ биламанки ҳукуматдагилар қандайдир провакация¸ фитна уюштиришни ўйлаб турибди. Улар¸ Худо сақласин¸ бир катта қон тўкилишига сабаб бўладиган фитна уюштирадилар-да¸ҳамма айбни мухолифатга тўнкайдилар. Тепада ўтирганларнинг бундан бошқа нарсага ақли етмайди¸ деб қўрқаман"¸ - деди Бакиев.

Жанубдаги намойишлар бошланиб¸ Жалолобод¸ Талас¸ Ўш ва Боткентдаги кескинлик кучайгандан сўнг президент Ақаев жамоатчилик кўзидан ғойиб бўлди. Аксарият¸ Ақаев Москвага ë қочиб кетди¸ ëки маслаҳат олгани кетди¸ деган фикрда эди. Душанбе куни президент матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра¸ Ақаев Бишкекда ва у 21 март куни Марказий сайлов комиссияси раиси Иманбаев ва Олий суд раиси Усмоновлар билан учрашиб¸ уларга сайлов натижалари қалбакилаштирилгани ҳақидаги аризаларни зудлик билан ўрганиб¸ тегишли қарор чиқаришни буюрган. Ақаевнинг сешанба куни телевидение орқали халққа мурожаат қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG