Линклар

Марказий нашрлар шарҳи


Дилнаво

Ўтган ҳафтада марказий нашрларда асосий эътибор Наврўз умумхалқ байрамига қаратилди.

Эътиборлиси шундаки, маҳаллий матбуотда сўнгги икки ҳафта давомида Қирғизистонда рўй бераётган сиёсий воқеалар умуман ёритилмаётган эди. Фақат “Зерколо 21” газетасигина бу табуни бузди.

Газетанинг ўтган ҳафтадаги сонида “Қирғизистондаги вазиятга оид” сарлавҳали кичик мақола эълон қилинди. Унда, жумладан, шундай сўзлар бор: (Русчадан таржима) “Иккинчи ҳафтадирки, Жалолободда намойиш ва пикетлар давом этмоқда. Норозилик акцияси иштирокчилари вилоят маъмурияти биносини эгаллаб олди ва минтақа раҳбариятини ҳокимиятдан деярли четлатди. Қурултойда қатнашиш учун бу ерга 10 мингдан ортиқ одам йиғилди. Улар Қирғизистоннинг жанубий ва марказий вилоятларидан “Йўқолсин Акаев!” ва “Милиция биз билан” каби транспарантлар билан келди. Маҳаллий милиция ва бошқа куч ишлатувчи тизим вакиллари ҳам воқеа жойида ҳозир бўлишига қарамай, вазиятга аралашмади”.


“Ҳуррият” газетасининг 16 март кунги сонида Алибой Эргашевнинг “Жиззахда анақа гаплар” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. А.Эргашев журналистларнинг эркин фаолиятига тўсқинлик бўлаётгани ҳақида илгарироқ эълон қилинган “Тепадан кўрсатма керак эмиш” сарлавҳали мақоласи юзасидан Жиззах вилояти журналистлари уюшмаси раиси ва вилоят ҳокимлиги матбуот маркази бошлиғи Неъмат Сайдалиевнинг ўзига айтган гапларини келтиради: “Айрим мухбирлар ҳар хил ишлар билан машғул бўлишади, ташкилотларга кўп боришади. Бизда маълумотлар бор. Биз сизни ҳурмат қиламиз. Кўп йил ишлагансиз. Ёшингиз ҳам катта. 8 февралда вилоятда матбуот маркази тузилди. Бизга олтита хона берган. Олтита ходим ишлайди. Мен марказни бошқараман. Ҳар бир идора ва ташкилотда матбуот маркази ташкил этаман. Борган мухбир аввал матбуот марказига кириб, сўнг ташкилот раҳбарига учрашади. Нега бунақа мақола ёздингиз? Вилоятни шарманда қилдингиз. Мақола учун Ботир Тўраев ҳузурида жавоб берасиз”.


“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 18 март кунги сонида Иқбол Қўшшаевнинг “Муаллим нигоҳи ёки эртанги кун умиди” сарлавҳали мақоласи босилди. Мақоладан иқтибос келтирамиз: “Аслида таълим-тарбия соҳасидаги оғриқларимизнинг илдизи савиясизликка, ҳаётий тушунчаларнинг саёзлигига бориб тақалади. Таъмагирликлар, ўқитувчи ва ота-она ўртасидаги олди-бердилар, муаллима опанинг туғилган кунию, байрамларда совға-саломлар, турли хил баҳоналар билан болалардан пул йиғиш, саёз фильмларга ўқувчиларни етаклаб бориш ёки болаларга компьютерда реферат ёзиб келишни топшириш (албатта, мактаб компьютерларида эмас) ёхуд ўқитувчининг пуллик курс ташкил қилиб, дарс вақтидаям фақат курсга қатнаётган болалар билан шуғулланиб, қолганларига ўгай кўз билан қараши ва ҳоказолар… билмадим…билмадим… таъмагирликнинг бу каби замонавий кўринишларига чегара бормикин?”
XS
SM
MD
LG