Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:47

Болаларнинг кесилган оёғи неча пул туради?


Саида Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги 12-мактаб ўқувчилари орасида суяк сили касали кўпайиб боряпти. Мазкур касалликка чалинган баъзи ўқувчиларнинг оёқларини кесишга ҳам тўғри келган.

Туманнинг Тўда қишлоғидаги бу мактаб 1993 йилда темир-бетондан ҳеч қандай лойиҳасиз бунёд этилган.

Қишлоқ аҳлининг сўзларига қараганда, мактаб темир-бетондан қурилгани сабабли қишда совуқ, куз-баҳор ойларида ўта зах бўлади. Шу сабабли ўқувчилар орасида ўпка ва суяк силига чалиниш ҳолатлари кўпайиб боряпти.

“Бир йилда бир-икки боланинг оёғи кесиляпти ёки операция қилиняпти. Ўтган ёзда Улуғбек Тўхтаевнинг, ундан олдин Амир Шоқуловнинг оёғи кесилганди”, - дейди шу қишлоқда яшовчи 6 фарзанднинг отаси.

Тўдаликларнинг таъкидлашича, фарзандлари соғлиғидан хавотирга тушган ота-оналар мавжуд муаммо бўйича, шунингдек, қишлоқда лойиҳа асосида бошқа мактаб қуриб бериш ҳақида бир неча марта туман ва вилоят ҳокимликларига мурожаат қилган. Лекин бу мурожаатлар самара бермаган.

“Бизникига ўхшаш тоғли ҳудудда темир-бетондан мактаб қуриш мумкин эмас. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳам бор. Аммо Вазирлар Маҳкамасига қилган аризамиз ҳам жавобсиз қоляпти”, - деди тўдаликлардан бири.

Сурхондарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Холида Шойимованинг билдиришича, 2004 йилда 2 декабрда мазкур мактаб авария ҳолатида экани, ундан фойдаланишни чеклаш лозимлиги ҳақида тегишли хулоса берилганига қарамай, орадан бир йил ўтиб, туман ҳокимлиги ва халқ таълими бўлими раҳбарлари мактабни капитал таъмирлаш ҳаракатига тушиб қолган. Жорий йил 12 январда мактабни таъмирлаш мумкинлиги ҳақида далолатнома ҳам тузилган. Бу иш учун 32 миллион сўм маблағ ажратилган.

“Сурхонлойиҳа” ташкилоти бош архитектори Ҳакимовнинг билдиришича, ҳақиқатан ҳам мактаб нотўғри жойда қурилган. Мактаб пойдевори чўккан, деворларда ёриқлар пайдо бўлган. Шунинг учун ташкилот бу мактаб учун бошқа бино қуриш мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида тавсия берган.

Ҳакимов мактабни таъмирлаш ҳақида ким далолатнома бергани тўғрисида ҳеч нарса дея олмаслигини билдирди.

Туман ҳокимлиги ва халқ таълими бўлимидан эса, давомли мурожаатларга қарамай, бу борада бирорта маълумот олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG