Линклар

logo-print

Ўзбекистон – дастурлар мамлакати


Феруза Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси (ЎЭОАВМУ) нодавлат радиолар билан ишлаш бўйича янги дастур қабул қилди. Бу дастур мамлакатдаги нодавлат радиолар тизимини ривожлантиришга қаратилган бешта лойиҳани ўз ичига олади.

Мазкур ташкилотнинг нодавлат радиолар билан ишлаш бўйича дастурлар мувофиқлаштирувчиси ва менежери Лола Исломованинг сўзларига қараганда, бу лойиҳалардан кўзланган мақсад Ўзбекистонда демократиялаштириш ва фуқаролик жамиятини қуришда нодавлат радиоларнинг мавқеини ошириш, иқтисодий эркинлик, бозор муносабатлари ва соғлом рақобат талабларига жавоб берадиган нодавлат радиолар тизимини ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорликка асосланган миллий телерадио бозорини яратишдир.

Л.Исломованинг таъкидлашича, дастур нодавлат радиоларни миллий ва жаҳон мусиқасининг энг сара намуналари билан бойитиш, уларнинг кадрлари малакасини ошириш, техник ёрдам ва маслаҳатлар беришда кўмак кўрсатиш каби лойиҳаларни ўз ичига олган.

Дастурнинг илк лойиҳаси ЎЭОАВМУ га аъзо нодавлат радиоларнинг мамлакатдаги ислоҳотлар жараёнини сифатли ва мазмунли ёритишига қаратилган.

Л.Исломова бу дастурда қатнашиш ихтиёрий эканини, шунинг учун бу ерда цензура тўғрисида гап бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлади.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг фикрича, бу дастур нодавлат радиолар ижтимоий ҳаётни чуқур ёритаётгани тўғрисида таассурот қолдириш учунгина хизмат қилади.

“Маълум бўлишича, турли дастурлар қабул қилиниши бўйича Ўзбекистон ва Туркманистон дунёда етакчи ўринда турар экан. Энди булар гўёки нодавлат ташкилотларга ҳам тиқиштирилмоқда. Лекин бу каби дастурлар қабул қилингани билан мамлакатда ОАВ соҳасидаги вазият ўзгариб қолмайди”, - деди А.Аннаев.

Мустақил журналист Бобомурод Абдуллаевнинг билдиришича, бу дастур ҳукумат нодавлат радиолардан ҳам ўзининг ташвиқот мақсадлари йўлида фойдаланишга қарор қилганидан дарак беради.
XS
SM
MD
LG