Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:54

“Шашмақом”ни хуш кўрадиган ҳуқуқ ҳимоячиси


Тўлқин Толиб Ёқубов 1992 йилдан буён инсон ҳуқуқлари муаммолари билан жиддий шуғулланиб келади.

Т.Ёқубов 1941 йилда Жиззах вилоятининг Жиззах туманидаги Тошчилик қишлоғида туғилган.

Ўзининг айтишича, болалиги анча қайғули кечган. Чунки ёшлигида оёғи шол бўлгани сабабли тенгдошлари қатори ўйнаб-кула олмаган. Ўқиш-ёзишни шу аҳволда ўрганган. 6,5 йил давомида Самарқанддаги суяк сили касалликлари шифохонасида даволанган.

1958-63 йилларда Т.Ёқубов Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг физика-математика факультетида ўқиди.

“Мактабда ўқиб юрган пайтларимда математик бўлиш орзуим йўқ эди. Рассомлик ва чет тилларни ўрганишга ихлосим баланд эди. Афсуски, кўриш қобилиятим пастлиги сабабли математика йўналишини танлашга мажбур бўлгандим. Бу йўналишда ҳам муваффақиятли ўқиганман”, - деди Т.Ёқубов.

Т.Ёқубов меҳнат фаолиятини 1964 йилдан ўзи ўқиган факультетда бошлади. 1966 йилдан эса Москва шаҳрида илмий изланишларга киришди. Бу ерда аспирантуранинг биринчи курсини битирди. Кейинчалик баъзи сабабларга кўра, аспирантурани Молдовия Фанлар академиясининг Математика институтида ҳамда Кишинёв давлат университетида давом эттирди. 1975 йил 11 ноябрда бу ерда номзодлик ишини ҳимоя қилди.

Т.Ёқубовнинг 1992 йилгача бўлган меҳнат ва илмий фаолияти Тошкентда, Низомий номидаги педагогика институтида кечди.

“Рус шоири Сергей Есениннинг Александр исмли ўғли бор эди. У математик мантиқ бўйича СССРдаги етакчи мутасассислардан бири эди. У 60-йиллар дисседентларидан бири бўлгани учун руҳий касаллар шифохонасига тиқилганди (мен у вақтда Москвада ўқир эдим). Ўшанда Москванинг 100 га яқин кўзга кўринган математиги СССР соғлиқни сақлаш вазири номига уни шифохонадан чиқариш талаби билан хат ёзганди. Шу хат туфайли бу математикларнинг деярли барчаси ишдан бўшатилди. Улар орасида менинг илмий раҳбарим ҳам бор эди. Мен “инсон ҳуқуқлари” тушунчасига ўшанда биринчи марта дуч келгандим. Кейинчалик ўқишни Кишинёвга кўчирганимда ётоқхонада Дмитрий Иванович Левич деган файласуф билан яшаганман. У ҳам дисседентлардан эди. Инсон ҳуқуқлари бўйича илк сабоқларни ўша одамдан олганман”, - деди Т.Ёқубов.

Т.Ёқубовнинг сўзларига қараганда, бу сабоқлар унинг 1988 йилда “Бирлик” халқ ҳаракатига биринчилардан бўлиб қўшилишига замин бўлган. 1991 йилдан эса баъзи сафдошлари билан Ўзбекистонда илк инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жамоат ташкилотини тузишга киришган. Бу ишларга Абдуманноп Пўлатов бошчилик қилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятида 1992 йил февралдан фаолият бошлаган Т.Ёқубов 1996 йилда бош котибликка, 2001 йилда жамият раислигига сайланди.

Т.Ёқубовнинг таъкидлашича, айни пайтда Ўзбекистон “давлат қароқчилиги” даврини бошдан кечирмоқда. Яъни давлат ўз фуқароларини талаш билан шуғулланмоқда. Бориб-бориб давлат арбоблари бир-бирини талай бошлайди. Бу давр тугаши билан давлатдаги сиёсий тизим ҳам ўлади.

“АҚШ Президенти Рональд Рейган совет тузуми, албатта, ўлишини, чунки бу тузум ўз халқини, унинг ҳуқуқларини ҳеч қачон ҳурмат қилмаганини айтган. Бу сўзларни ҳозирги Ўзбекистонга нисбатан ҳам бемалол қўллаш мумкин”, - деди Т.Ёқубов.

Т.Ёқубов 6 фарзанднинг отаси. У бўш вақти камлиги, лекин аҳён-аҳёнда “Шашмақом”ни тинглашни хуш кўришини билдирди.
XS
SM
MD
LG