Линклар

Қирғизистондаги воқеаларга Вашингтон расмийлари муносабати қандай?

  • Ҳасанжон

Сўнги ҳафталарда Қирғизистонда содир бўлаётган воқеаларга қатор давлатлар ҳукуматлари ўз муносабатини билдирди. Лекин АҚШ ҳукумати муносабат билдиришдан тийилди. Фақат якшанба куни Давлат департаменти Қирғизистон ҳукумати ва мухолифатни мулоқот ўрнатишга чақирди. Бироқ сешанба куни мухбирлар Давлат департаменти вакилидан АҚШ ташқи сиёсати идорасининг Қирғизистондаги воқеаларга аниқ муносабати қандай эканини сўради.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Адам Эрели ҳам Қирғизистон ҳукумати, ҳам сайлов натижаларидан норози бўлган намойишчиларни зўравонликларга йўл қўймасликка чақирди:

“Биз зўравонликни қоралаймиз. Менимча, АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси ҳамда Вашингтон расмийлари Қирғизистон ҳукумати ва мухолифат раҳбарларини зудлик билан учрашиб, парламент сайловлари борасидаги келишмовчиликни хал этиш, демократияни ривожлантириш каби масалаларни Қирғизистон конституцияси доирасида хал этишга чақирмоқда”, - деди АҚШ Давлат департаменти вакили.

Шу билан бирга Эрели, ўзи айтган гаплар қирғизистонликлар парламент сайловлари юзасидан фикр билдирмаслиги керак, деган маънони англатмаслигини урғулади:

“Муҳими шуки, муносабат билдириш ҳукумат идораларини эгаллаб олиш, уларни бузиш ёки турли зўравонликлар содир этиш, дегани эмас. Одамлар ўз фикрини зўравонликка қўл урмасдан ифода этиши мумкин. Қирғизистонда ҳам худди шундай бўлиши керак”, - деди АҚШ Давлат департаменти вакили.

Душанба куни Қирғизистон Президенти Асқар Ақаев сайловлар натижалари соҳталаштирилгани тўғрисидаги даъволар мамлакат Олий Суди ва Марказий сайлов комиссиясида кўриб чиқилишини ваъда қилган эди. АҚШ ҳукумати бу қарорини олқишлади. Лекин шунга қарамай, сешанба куни Қирғизистон янги парламентининг биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Кузатувчилар Қирғизистонда сўнгги кунларда рўй бераётган воқеаларни Украинада Виктор Юшченкони ҳокимият тепасига олиб келган воқеаларга ўхшатмоқда. АҚШ Украинадаги воқеаларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

Вашингтондаги Стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Жоржиета Пурчот фикрича, АҚШ Қирғизистонга нисбатан ҳам айни ёндашувни тутиши керак. Пурчотнинг Озодлик радиосига айтишича, АҚШ Қирғизистондаги демократия тарафдори бўлган намойишчиларни айнан қандай қўллаб-қувватлаш масаласида эҳтиёткор бўлиши лозим. Ғарблик таҳлилчи фикрича, Вашингтон ўз позициясини қириғиз фаолларини қўллаб-қувватловчи баёнотлар билан чеклаши керак бўлади.

“Ҳозирги босқичда АҚШ қила оладиган ва қилиши керак бўлган иш - барча давлатлар ва айниқса, жумладан Қирғизистонда эркинлик ва демократия ғояларини қўллаб-қувватлаши тўғрисида кучли баёнотлар беришдир. Дунё бўйлаб демократия ва инсон ҳуқуқларини қуллаб-қувватлаймиз дейиш бир нарса. Аммо аниқ бир мамлакат, масалан, Қирғизистонни тилга олиш – аниқ позиция бўлади”, - дейди америкалик таҳлилчи.

Пурчотга кўра, Президент Ақаев мухолифат вакиллари билан сўзлашув олиб боришга розилик билдирса, у ҳолда муросага эришишда АҚШ ўз ёрдамини таклиф қилиши керак.

Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Қирғизистон ички ишларига аралашаётгандек бўлиб қолмаслиги керак.
XS
SM
MD
LG